Шароф Рашидов туманида соғлом ҳаёт тарзини тарғиб этиш, ёшларни жисмоний фаолликка кенг жалб қилиш ва гиёҳвандлик иллатига қарши жамоатчилик бирдамлигини кучайтиришга қаратилган оммавий юриш марафони ўтказилди.
Жиззахлик маҳалласида “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ҳамда наркожиноятлардан сақлаш — барчамизнинг муҳим вазифамиз” шиори остида ташкил этилган “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” марафонида туман спорт мактаби мураббийлари ва тарбияланувчилар, маҳалла фаоллари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Қатнашчилар оммавий юришлар билан бир қаторда эрталабки бадантарбия ва воркаут машқлари, стол тенниси, шахмат, шашка спорт турларидан мусобақаларга ҳам жалб этилди.
Тадбирнинг яна бир эътиборли жиҳати — унинг кенг қамровли эканидир. Иштирокчилар орасида 7 ёшли болалардан тортиб, 70 ёшли нуронийларгача бўлган турли ёшдаги аҳоли вакилларининг борлиги, албатта, қувонарли. Шунингдек, аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича спорт синовлари ўтказилди. Синовлар жараёнида иштирокчиларнинг куч, тезкорлик, чаққонлик, чидамлилик ва умумий жисмоний тайёргарлик кўрсаткичлари белгиланган мезонлар асосида баҳоланди.
Қайд этиш керак, сўнгги йилларда узлуксиз равишда ўтказиб келинаётган бу каби оммавий спорт тадбирлари ёшларни зарарли одатлардан йироқлаштириб, уларни фойдали ва мазмунли машғулотларга чорлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Албатта, гиёҳвандликнинг олдини олиш, ёшларнинг жисмоний фаоллигини ошириш оқибатларга қарши курашишдан кўра фойдалироқдир.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.