Жиззах вилоятида бу йил болаларни ёзги соғломлаштириш ва дам олдириш мавсуми 1 июндан бошланади. Вилоятимизда 9 та стационар оромгоҳларда 4340 нафар ҳамда мактаблар қошидаги 92 та кундузги соғломлаштириш майдончаларида 5525 нафар болажонларни мароқли дам олиши режалаштирилган.
Бугунги кунда Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти томонидан мавсумга тайёргарлик кўриши борасида кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, департамент тасарруфидаги барча оромгоҳларни малакали педагогик жамоа билан таъминлаш борасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Март ойи бошиданоқ республика департаменти томонидан тасарруфдаги барча оромгоҳларда катта тарбиячи ҳамда етакчи лавозимида ишлашни хоҳловчилар билан учрашувлар, суҳбатлар ўтказилиб, маҳоратли талабгорлар танлаб олинди.

Ёзги дам олиш мавсумини юқори савияда ўтказиш мақсадида 2025 йил 9 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 29-сонли баёни қабул қилинди. Мазкур баённинг 1-иловасига мувофиқ 12 кунлик намунавий дастур тасдиқланди. Мазкур дастур оромгоҳлардаги болаларнинг турли маънавий-маърифий тадбирлар, тўгараклар ва спорт машғулотлари орқали ҳар бир дақиқасини унитилмас ва таасуротларга бой тарзда ўтишида муҳим қўлланма бўлади.
Жорий йил 20 май куни департамент томонидан Зомин туманидаги “Зомин” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ушбу 12 кунлик намунавий дастурнинг мазмун-моҳиятини ва амалга ошириш механизмини очиб беришга қаратилган ўқув-семинар ташкил этилди.
Бундан ташқари болалар учун мавсумни унутилмас тарзда ўтишида оромгоҳларнинг таъмирланиши, моддий-техника базасини янада бойитиш тозалиги ва ободлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Шу мақсадда Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти тасарруфидаги 3 та оромгоҳда жорий таъмирлаш ишлари бўйича пудратчи ташкилотлар ўртасида тендерлар ўтказилиб, ғолиб пудратчилар аниқланди ҳамда апрель ойидан жорий таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Қолаверса, Зомин туманидаги “Зомин”, “Зомин санрайз”, Ғаллаорол туманидаги “Камолот”, Фориш туманидаги “Жилғача”, “Зангори олов” ҳамда “Коинот” оромгоҳларини мавсумга ҳозирлаш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу кунларда вилоятиздаги барча оромгоҳлар тайёргарлик ишлари якунланиб, мавсумга тўлиқ шай ҳолатга келтирилди.
Шу билан биргаликда, болаларнинг мароқли дам олишларини ташкил этиш учун қулай шароитлар яратилмоқда. Дам олиш, овқатланиш, ювиниш ва машғулотлар ўтказиш учун мўлжалланган хоналар, спорт майдончалари барча зарур жиҳозлар билан таъминланмоқда.
Ёзги дам олиш мавсуми бошланишига ҳам кўп вақт қолмади. Кўрилаётган тайёргарлик ишлари ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар самараси ўлароқ ёзги мавсум юқори савияда ўтишига ҳеч шубҳа йўқ. Оромгоҳлар йўлланмасини oromgohlar.uz сайтидан онлайн харид қилиш, ташкилот касаба уюшмасига мурожаат қилиш мумкин.
Достон ЗОКИРОВ,
Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Жиззах вилоят бошқармаси бош мутахассиси.