“ПРEЗИДEНТ ОЛИМПИАДАСИ – 2026” ДАВОМ ЭТЯПТИ

Тошкент шаҳрида “Президент Олимпиадаси–2026″ спорт мусобақаларининг республика финал босқичи бошланди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган ёш спортчилар жам бўлган ушбу мусобақада Жиззах вилояти делегацияси ҳам юқори натижаларга эришиш ва воҳамиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида иштирок этмоқда.

Олимпия шаҳарчасида мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, “Президент Олимпиадаси–2026” мусобақаларига расман старт берди. Маросимда ёшлар спортини ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг халқаро майдонда муносиб иштирок этиши учун янги имкониятлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бу йилги “Президент Олимпиадаси”да мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 3,5 минг нафардан зиёд ёш спортчи олимпия ва паралимпия йўналишидаги 26 та спорт тури бўйича куч синашади. Уларга 1,5 минг нафар мураббий ҳамроҳлик қилмоқда. 27 октябрдан 8 ноябргача давом этадиган беллашувлар иқтидорли ёшларни кашф этиш, уларнинг маҳоратини синовдан ўтказиш ва келажакда халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчиларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.

Республика финал босқичида Жиззах вилояти делегациясидан 242 нафар спортчи ва 58 нафар мураббий ўрин олган. Вилоят вакиллари “Президент Олимпиадаси”нинг 21 та ҳамда “Президент паралимпияси”нинг 5 та спорт тури бўйича беллашувларда иштирок этади.

Беллашувларнинг дастлабки тўрт кунида спортчиларимиз турли спорт турлари бўйича муносиб натижалар қайд этиб, совринли ўринларни эгаллашди. Хусусан, дзюдо бўйича 28 килограмм вазн тоифасида Насиба Намозбоева барча рақибларидан устун келиб, мусобақанинг олтин медалига сазовор бўлди.

Кумуш медал соҳиблари сафидан эса дзюдочилар Умиджон Фурқатов (50 кг) ва Авазбек Раҳмонбердиев (42 кг) жой олди. Шунингдек, енгил атлетиканинг ядро улоқтириш йўналишида Олимжон Сағдуллаев иккинчи ўринни эгаллаб, делегациямиз ҳисобига яна бир кумуш медални қўшди.

Бронза медаллари ҳам спортчиларимиз учун муносиб натижа бўлди. Дзюдо бўйича 40 килограмм вазн тоифасида Умида Матмусаева, стол тенниси бўйича яккалик баҳсларида Эзоза Хўрозова шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.

Худойберди ЗИЁТОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *