Зоминнинг олис ҳудуди Қуруқбел, Яйловқирғиз ва Чорқўниш адирлари туташган тоғлар бағрида жойлашган, 127 нафар қирғиз миллатига мансуб ўғил-қизни бағрига олган мактабга сафаримиз жуда илиқ кайфиятда кечди.

Азалдан юртимиз кўп миллатли ва бағрикенг халқ. Миллатлар ўртасидаги дўстона кайфият ҳамиша халқимизнинг ўчмас қадриятлари бўлиб келган. Сарикамар қишлоғидаги 28-умумтаълим мактабида ҳам ёш авлодга айнан ана шу қадриятларга йўғрилган ҳолда таълим берилаётир. Ёшлар илм олиш билан бирга ўз она тили, миллий урф-одатлари ва аждодлар меросини ўрганиб вояга етмоқда.
Мазкур мактаб 1956 йилда қурилган. Таълим даргоҳи 2007 йилда қайта таъмирланган. Бугун унда 22 нафар педагог ёш авлод камоли йўлида меҳнат қилмоқда. Мактабда болаларнинг қирғиз тилида таълим олиши, шу билан бирга ўзбек тили ва чет тилларини ўрганиши учун имконият яратилган.
Албатта, мактаб ҳаётини устозлар меҳнатисиз тасаввур этиб бўлмайди. Айниқса, бутун умрини бир таълим масканида ўтказиб, бир неча авлоднинг камолга етишига ҳисса қўшган муаллимлар борки, уларнинг фаолиятида касбга садоқатнинг ўзига хос намунасини кўриш мумкин. Жуманазар Қобулов ана шундай устозлардан бири. У шу мактабда 43 йилдан буён меҳнат қилиб, бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ бериб келмоқда.
— Ростини айтсам, вазият тақозоси ва болаларга бўлган меҳрим сабаб шу касбда ишлай бошладим. Кейинчалик иш фаолиятим давомида педагогика йўналишида олий таълим олдим. Унгача эса устозим отам бўлган. Отам она тили ва адабиёт фанидан дарс берардилар, беш йил мактаб директори вазифасида ҳам ишлаганлар. Оилавий муҳит ва таълим беришга бўлган қизиқиш билан мен ҳам шу соҳани маҳкам тутдим, — дейди у.
Салкам ярим аср умрини ёш авлодга зиё улашишга сафарбар этган Жуманазар Қобуловнинг қирғиз ва ўзбек тилида олиб бораётган дарс жараёнини кузатдик. Ўқувчилар зийраклик билан устозининг саволларига жавоб беришар, ҳар икки тилда ҳам бемалол мулоқот қилишарди.
– Жорий ўқув йилида етти нафар битирувчимиз олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинди, – дейди мактаб директори Шербек Қўшбоқов. – Ўқувчиларимиз оз сонли бўлса ҳам фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида жуда фаол. Кўп бора Сарикамар қишлоғининг, мактабимизнинг шарафини муносиб ҳимоя қилиб, ғолиб ва совриндор бўлишган. Айниқса, спорт мусобақаларида туман, вилоят миқиёсидаги мусобақаларда фахрли натижаларга эришиб келишаяпти.
Мактаб раҳбарининг айтишича, “Очиқ бюджет” ташаббуси орқали 509 миллион сўм маблағ ютиб олгани эвазига мактаб ҳудудида мини спорт зали қурилаётгани спортсевар ёшлар учун ниҳоятда қувонарли воқеа бўлган. Айни пайтда қурилиш ишлари якунланиш арафасида. Спорт иншооти фойдаланишга топширилгач, ўқувчилар спорт билан мунтазам шуғулланиш ва мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш имкониятига эга бўлишади.
Айниқса, олис ҳудудда ёшларнинг спорт билан шуғулланиши уларнинг иқтидорини эрта аниқлаш ва ривожлантиришга хизмат қилади.
Сарикамар қишлоғига сафаримиз давомида бир ҳақиқатни яна бир бор ҳис этдик: таълим масканининг қадри унда таҳсил олаётган болалар сони билан эмас, уларнинг келажаги учун очилаётган имкониятлар билан белгиланади.
Бу ерда ҳар бир ўқувчининг билим олиши, ўз она тилини ўрганиши, бошқа тилларни ўзлаштириши ва спорт билан шуғулланиши учун имкониятларни кенгайтиришга қаратилган ҳаракатларни кўриш мумкин.
Албатта, ҳар қандай таълим маскани олдида янги вазифалар, янада яхшиланиши лозим бўлган жиҳатлар бўлади. Аммо энг муҳими, болаларнинг эртанги кунига бефарқ бўлмаслик, уларнинг иқтидори ва орзуларини рўёбга чиқаришга интилишдир. Зоминнинг олис тоғлари орасидаги бу мактаб ана шу эзгу мақсад йўлида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Абдушукур ЛАПАСОВ,
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ олган сурат.