Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида спортнинг камондан отиш тури бўйича мамлакат чемпионати баҳслари бўлиб ўтди. Унда юртимизнинг барча ҳудудларидан йиғилган 260 нафардан ортиқ маҳоратли спортчилар 18 метр масофадан микс (аралаш) ва жамоавий дастурлар бўйича беллашувларга киришдилар.
Ушбу мусобақа мамлакатимизда камондан отиш спорт турини ривожлантириш, ҳудудлар бўйлаб ёш мерганларни аниқлаш ва уларнинг иқтидорларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, терма жамоа захирасига муносиб номзодларни саралаш жиҳатидан аҳамиятли бўлди.
Қувонарлиси, мусобақада муносиб иштирок этган жиззахлик спортчилар ҳам якунда ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олишди. Хусусан, микс дастури бўйича Шоҳруз Ғаффоров ҳамда Ширина Абдураҳмоновалар олтин медални қўлга киритган бўлса, жамоавий баҳслар доирасида Лазиз Эргашев, Жўрабек Қодиров ва Абдулбосит Қаҳрамоновлар кумуш медалга сазовор бўлишди.
Ушбу натижалар замирида Ўзбекистон камондан отиш федерациясининг Жиззах вилоят бўлими томонидан маҳаллий спортчиларга берилаётган эътибор, тизимли ёндашув ҳамда замонавий шарт-шароитлар ётибди, десак муболаға бўлмайди. Айтиш жоизки, бугунги кунда вилоятимизда камондан отиш билан мунтазам шуғулланувчи ёшлар сони 400 нафарга яқинлашган. Ҳудудларда ташкил этилган 25 та махсус секцияда 8 нафар сертификатли мураббий доимий машғулотлар олиб бориб, спортчиларнинг маҳоратини оширишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон чемпионати якунида ғолиб ва совриндорлар медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.