Ҳозирги кунда Ўзбекистон Хитой ҳамкорлик алоқалари жадал суратларда ривожланиб бормоқда. Икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб янги босқичга кўтарилмоқда.
Жиззах политехника институти ректори Алишер Усманқулов бошчилигидаги делегациянинг Хитойга ташрифи ҳам ана шу ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ташриф доирасида қўшма таълим дастурини йўлга қўйиш, сунъий интеллект соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ва саноат корхоналари билан ҳамкорликни жадаллаштириш масалалари юзасидан бир қатор учрашувлар ўтказилди.
Институтимиз ва Sujou технологиялар университети ўртасида йўлга қўйилган “2+2” қўшма таълим дастурининг илк талабалари Хитойда таҳсил олишни бошлади. Талабаларни тантанали кутиб олиш маросимида ҳар икки олий таълим муассасаси раҳбарияти иштирок этиб, қўшма таълим дастури истиқболларига эътибор қаратилди. Дастур доирасида хитойлик ҳамкорлар ва инвесторлар билан учрашувда институтда ташкил этилаётган сунъий интеллект лабораториясини ривожлантириш, илғор технологиялар ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш масалалари ҳам атрофлича ўрганиб чиқилди.
Шунингдек, учрашувда “Ўзбекистон–Хитой сунъий интеллект инновация маркази” лойиҳаси тақдим этилиб, таълим, илм-фан ва саноат учун қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Ушбу ташаббус институтимизнинг “Рақамли университет” стратегиясини амалга ошириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Анжуманда Hefei технологиялар университети раҳбарияти билан учрашув ҳам ташкил этилиб, унда талабалар, магистрантлар ва докторантлар алмашинуви, қўшма илмий лойиҳалар, дарсликлар яратиш ҳамда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Қолаверса, вакилларимиз эътибори электромобиллар ва автоном бошқариладиган транспорт воситалари бўйича қўшма лаборатория ташкил этиш масаласига қаратилди. Томонлар ҳамкорлик меморандумини 2026-йил 6–8-ноябрь кунлари Hefei технологиялар университетида ўтказиладиган халқаро конференция доирасида имзолашга келишиб олишди. Шундан сўнг делегация аъзолари JAC Моторс компаниясига ташриф буюриб, замонавий автомобиль ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди.
Учрашувда муҳандислик мактаби учун илғор лабораториялар ташкил этиш, амалий таълимни ривожлантириш, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш ҳамда истиқболдаги қўшма ҳамкорлик ва инвестиция лойиҳалари юзасидан фикр алмашилди. Мазкур қўшма таълим дастурида талабаларга касбий билимларини янада мустаҳкамлаш, халқаро тажрибаларини кенгайтириш ҳамда Хитойнинг таълим тизими ва ишлаб чиқариш амалиётини ўрганиш имконини беради.
Жаҳонгир ТУЛАКОВ,
ЖизПИ матбуот котиби,
ахборот сиёсати масалалари
бўйича ректор маслаҳатчиси.