“Нуроний” жамғармаси Жиззах вилоят бўлимида атоқли давлат ва жамоат арбоби, таниқли ёзувчи, ҳамюртимиз Шароф Рашидов таваллудининг 109 йиллигига бағишланган “Уч авлод учрашуви” тадбири ташкил этилди. Унда фаол нуронийлар, ҳарбий хизматчилар, “Бувижонлар мактаби” кенгашлари фаоллари, ижодкорлар, курсантлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Учрашувда Жиззах давлат педагогика университети профессори, филология фанлари доктори Усмонжон Қосимов атоқли адибнинг ҳаёти, ижоди ва давлат арбоби сифатидаги фаолияти ҳақида маъруза қилди. Унда Шароф Рашидовнинг ўзбек адабиёти ривожига қўшган ҳиссаси, асарларида илгари сурилган ғоялар, шунингдек, мамлакат тараққиёти йўлидаги хизматлари хусусида атрофлича фикр юритилди. Маърузачи адибнинг ижодий меросига мурожаат қилар экан, унинг асарларида халқ ҳаёти, инсоний муносабатлар, эзгулик ва ватанпарварлик каби мавзулар муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Тадбирнинг яна бир муҳим қисми Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон халқининг ғалабага қўшган ҳиссасига бағишланди. Жиззах давлат педагогика университети доценти, тарих фанлари номзоди Ахрорқул Пардаев “Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага қўшган ҳиссаси (Жиззах вилояти мисолида)” мавзусидаги тарих фанлари бўйича фалсафа доктори диссертацияси доирасидаги илмий изланишлари юзасидан тақдимот ўтказди. Унда уруш йилларида халқимиз бошидан кечирган оғир синовлар, юртдошларимизнинг фронтдаги жасорати, фронт ортидаги фидокорона меҳнати, эвакуация қилинган аҳолини қабул қилиш ва уларга кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами каби масалаларга эътибор қаратилди. Айниқса, Жиззах вилояти мисолида олиб борилган тадқиқотлар ўша давр воқеаларини маҳаллий тарих билан боғлиқ ҳолда ўрганиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
Мулоқот давомида Шароф Рашидов билан бевосита учрашган нуронийлар ҳам сўзга чиқиб, у билан боғлиқ хотираларини иштирокчилар билан ўртоқлашдилар. Улар адибнинг инсоний фазилатлари, халқ билан мулоқоти, самимийлиги ва фаолиятига оид ҳаётий воқеаларни ёдга олдилар. Айниқса, ўша давр муҳитини ўз кўзи билан кўрган инсонларнинг ҳикоялари ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Зеро, бундай хотиралар тарихий шахс ҳақида китобларда ёзилган маълумотларни ҳаётий воқеалар билан бойитади.
Шунингдек, адиб таваллудининг 109 йиллигига бағишланган китоблар ва мақолалар кўргазмаси ташкил этилди. Унда Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва ижодига оид нашрлар намойиш қилиниб, иштирокчиларнинг адабий мерос билан яқиндан танишишига имкон яратилди. Ҳарбий хизматчилар томонидан адиб шеърларининг ўқилиши ҳамда унинг ижодига бағишланган қўшиқларнинг ижро этилиши тадбирга ўзгача руҳ бағишлади.
Худойберди ЗИЁТОВ.
Муаллиф олган сурат.