Ҳозирги ривожланган даврда инглиз тилига бўлган қизиқиш ва талаб тобора ортиб бормоқда. Айниқса бугунги ёшлар ичида бу тилни пухта ўзлаштиришга, унинг имкониятларидан кенг фойдаланишга эътибор кучаймоқда. Нега айнан инглиз тилини билишимиз керак? Биринчидан, ҳар 5 та одамдан биттаси инглиз тилини билади ёки тушуна олади. Қолган 4 таси турли тилларда сўзлашади.
Иккинчидан, тарихга назар ташласак, XVIII–XIX асрларда лотин тили илмий мулоқот тили ҳисобланиб уни билган одамгина илм-фан билан шуғуллана олган. Кейинчалик эса маълум бир давр немис тили илм-фанда етакчилик қилган. Вақт ўтиши билан эса инглиз тилининг илм-фандаги ва мулоқотдаги ўрни тобора мустаҳкамланди.
Ҳозирда инглиз тили илм-фан тили ҳисобланади. Энг янги илмий ишлар, диссертациялар, турли экспериментлар, лойиҳалар инглиз тилида чоп этилади ва тарқатилади. Aвиация, компютерлар, туризм ва бошқа соҳаларнинг расмий тили бу инглиз тили ҳисобланади. Олдинлари замонавий касб эгалари бўлмоқчи бўлганлар – компютерчи, туризм соҳаси ходимлари, таржимонлар инглиз тилини билиши керак деб ҳисобланарди.
Лекин ҳозирги кунда сартарош, савдо ходими, шунингдек, бошқа соҳа вакиллари ҳам инглиз тилини билиши лозимлиги ўз-ўзидан равшан бўлиб бормоқда.
Тилни ўрганишга яна бир сабаб, бу бутун дунёдаги янгиликлар ва кашфиётлардан хабардор бўлиш учун маълумотларни бир тилдан иккинчи тилга, сўнгра ўзбек тилига таржима қилинишни кутиб ўтиришга ҳожат қолмайди. Шу боис, инглиз тили билиш нафақат вақтни тежайди, балки ахборотларни аниқ ва ишончли манбалардан олиш имконини яратади.
Шу билан бирга, инглиз тили ижтимоий тармоқларда кенг қўлланиладиган асосий тиллардан бири ҳисобланади. Виртуал оламдаги ахборот алмашинуви, халқаро мулоқот ва рақамли таълим жараёнларида унинг аҳамияти тобора юқориламоқда.
Бугунги кунда You Tube га жойлаштирилган 56 фоиз материал инглиз тилида, қолган 5 фоизи рус тилидаги материалларни ташкил этади. Ўзбек тилида 500 та видео чиқса, инглиз тилида 2 миллионта видео чиқади. Хулоса қилиб айтганда, инглиз тилини ўрганишга бўлган интилишни кучайтириш, айниқса, ёш ўсмирларлар ўртасида бошқа хорижий тилларни ўзлаштириш маданиятини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.
Ҳулкар МУСТАФОҚУЛОВА,
Жиззах политехника институти,
“Ўзбек ва хорижий тиллар”
кафедраси доценти.