ХАВФСИЗ МЕҲНАТ ВА МУНОСИБ ҲАЁТ КАФОЛАТИ

Одам хотиржам ҳаёт кечириши учун, биринчи навбатда, тириклик манбаларга эга бўлиши ҳамда ўзини хавфсиз ҳис қилиши лозим. Шу маънода кишилик жамиятининг барча тараққиёт босқичларида инсоният ҳуқуқ ва манфаатларини мукаммал ифодаловчи қонунлар ҳамда уларнинг ижро механизмларини яратишга астойдил интилган.

Бу борадаги энг муваффақиятли институтлардан бири, шубҳасиз, касаба уюшмаларидир. Зеро мазкур жамоат ташкилоти ишчи ва ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, меҳнат муҳофазасини таъминлашда беқиёс аҳамиятга эга. Тизим меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш йўналишларида ҳам салмоқли кўрсаткичларга эришмоқда.

Натижада бугун республикамизда касаба уюшмалари аъзолари сони қарийб 8 миллион нафарга етди. Ушбу рақам, нафақат аҳолининг ташкилотимизга бўлган юксак ишончини, балки мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, бандликни таъминлаш ҳамда аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотларнинг нечоғли самарали кечаётлигини ҳам акс эттиради.

Мавзуга вилоятимиз мисолида ёндашадиган бўлсак, қуйидагиларни эътироф этиш мумкин. Ташкилот, корхона ва муассасаларни тўлиқ қамраб олишга қаратилган тизимли саъй-ҳаракатлар туфайли жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида 5880 нафар фуқаро касаба уюшмалари аъзолигига қабул қилинди. Бу эса бошланғич ташкилотларимиз миқдорини  1476 тага, аъзоларимиз сонини эса 333037 нафарга етказиш имконини берди.

Таъкидлаш жоизки, жамоалар билан ишлаш жараёнида асосий эътибор қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда меҳнаткашларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган. Шу билан бирга ишчи ва ходимлар дуч келаётган муаммоларни ижобий ҳал этиш тизим фаолиятининг бош мезонига айланган.

Мисол учун, АТИБ “Ипотека банк” Жиззах вилоят филиалининг назоратчи кассири Севара Исақова ноҳақ ишдан бўшатилгани тўғрисида мурожаат қилгач, ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилди. Маълум бўлишича, асосий ходим бола парваришлаш таътилидан қайтгани сабабли аризачи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Табиийки, молия муассасаси раҳбариятига камчиликни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилди. Аммо бу талаб қаноатлантирилмади. Оқибатда, масала судда кўриб чиқилди ва Севара Исақова ишга тикланди. Қолаверса, аризачининг мажбурликдан бекор юрган кунлари учун 38 миллион 898 минг сўм иш ҳақи ундирилди.

Умуман олганда, жорий йилнинг ўтган даврида кенгашимизга йўлланган 177 та ёзма ва оғзаки мурожаатнинг 116 таси ижобий ҳал этилди. 24 та ариза ва шикоят тегишлилигига кўра бошқа органларга юборилди. 35 та мурожаат муаллифларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Меҳнатни муҳофаза қилишга қаратилган тадбирлар ҳам режали тарзда амалга оширилмоқда. Чунончи, 24 та корхона, ташкилот ва муассасадаги вазият жамоатчилик назорати асосида ўрганилди ва 141 та қонун, қоида ва меъёрларни бузиш ҳолатлари аниқланди. Ўз навбатида, иш берувчиларга тақдимномалар киритилиб, ҳолатни ўнглаш чоралари кўрилди.

Қолаверса, 5 та корхона меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналардан жароҳатланиш хавфи мавжудлиги нуқтаи назаридан аттестациядан ўтказилди. Пировардида, ходимларнинг 149 нафарига қўшимча меҳнат таътили, 6 нафарига махсус кийим-бош, сут ёки ушбу маҳсулотларга тенглаштирилган озиқ-овқат ажратиш, 7 нафарига эса имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқи берилиши таъминланди.

Ҳисобот даврида иш жойидаги бахтсиз ҳодисаларга доир 8 та мурожаат кўриб чиқилди ва аризачилар фойдасига 198 миллион 907 минг сўм ундирилишига эришилди. Хусусан, “Карбонат” АЖ пайвандловчиси Элмурод Саманов касаба уюшмаси кўмагида 33 миллион 275 минг сўм компенсация олишга муваффақ бўлди.  

Кенгаш корхона, ташкилот ва муассасаларда жамоат шартномаларини янгилаш масаласига ҳам жиддий ёндашмоқда. Натижада меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига мувофиқ бекор қилиш учун касаба уюшмасининг розилигини олдиндан олиш талаби киритилган жамоа шартномалари сони 1465 тага етказилди. Узайтирилган меҳнат таътиллари, ижтимоий ва қўшимча таътилларга оид бандларга эга шартномалар сони эса 11 мингдан ошди.

Ташкилот, корхона ва муассасаларда меҳнаткашларни қўллаб-қувватлаш борасидаги кўрсаткичларимиз ҳам эътирофга лойиқ. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 313 нафар ходим пенсияга  чиқиши, 315 нафари эса юбилей ёшлари муносабати билан моддий ёрдам ва совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, 1217 нафар ишламайдиган пенсионер, 147 нафар имконияти чекланган ва ўзгалар кўмагига муҳтож фуқаро, 2 минг нафардан зиёд ёш оналар ҳамда 1481 нафар кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган болаларга иқтисодий кўмак кўрсатилди.

Бундан ташқари, 40 нафар талабанинг олий ўқув юрти шартнома тўловининг бир қисми тўлаб берилди. 37 нафар ходимга сафарбарлик чақируви резервида ҳарбий хизмат ўташи, 26 та ёш оилага уй-жой ва узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар хариди учун ссуда ажратилди.

Ишчи ва ходимларнинг соғликларини тиклаш масаласи ҳам эътибордан четдан қолмаяпти. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида ижтимоий суғурта ҳисобидан ажратилган 5 миллиард 987 миллион 698 минг сўм ҳамда касаба уюшмаларининг 4 миллиард 132 миллион сўм маблағлари эвазига 1889 нафар ишчи ва ходим санаторий йўланмалари билан таъминланди.

Шу билан бирга тизим вакиллари қутлуғ саналар муносабати билан жамоаларда маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, меҳнат муҳофазасига доир мулоқотлар ҳамда кўрик-танловларнинг доимий ташаббускори ҳисобланадилар. Мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларимиз ташкилот, корхона ва муассасаларда ички муҳитни соғломлаштириш, ишчи ва ходимларнинг саломатликларини мустаҳкамлаш, улар ҳаётига хавф туғдирувчи омилларни бартараф этишга хизмат қилаётир.

Хуллас, меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш ва адолатни қарор топтириш орқали юзлаб инсонлар ва уларнинг оила аъзоларига хотиржамлик, турмушларига фаровонлик бахш эта оляпмиз, десам муболаға бўлмайди.

Нусуратулло ПАРДАЕВ,

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси

Жиззах вилояти Кенгаши раиси, сенатор.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *