Аҳолини сифатли, хавфсиз ва узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш – нафақат муҳим ижтимоий вазифа, балки инсон саломатлиги, турмуш фаровонлиги ва мамлакат тараққиётининг асосий шартларидан биридир.
Ичимлик сувининг сифати, аввало, инсон саломатлиги билан чамбарчас боғлиқ. Шунингдек, сув таркибидаги кимёвий ва микробиологик кўрсаткичларнинг белгиланган меъёрларга мувофиқлигини текшириб бориш, аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш орқали аҳолига етказиб берилаётган сувнинг хавфсизлигини таъминлаш мумкин.
Ичимлик суви сифатини санитария-гигиена талаблари асосида назорат қилиш мақсадида ҳудудий инспекция ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг вилоят бошқармаси мутахассислари томонидан жорий йилда жами 1575 та ичимлик сув намунаси олиниб, лаборатория таҳлилларидан ўтказилди. Таҳлил натижаларига кўра, 52 та ҳолатда намуна салбий натижа берган бўлиб, бу жами намуналарнинг тахминан 3,3 фоизини ташкил этади. Мазкур ҳолатлар бўйича сув сифатига таъсир этувчи омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича хизмат кўрсатувчи ташкилотларга керакли кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Инспекциянинг бу борадаги асосий вазифаларидан бири сув таъминоти ташкилотлари фаолиятида қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш, сув сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган омилларни ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг олдини олишдан иборат.
Сув ресурсларидан самарали ва тежамкор фойдаланиш давр талаби. Бугунги кунда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб масалага айланган. Чунки ҳар бир томчи сувнинг қадрини англаш, унинг беҳуда сарфланишига йўл қўймаслик умумий масъулиятимиздир.
Шу билан бирга сувдан фойдаланувчилар ўртасида сувни тежаш маданиятини шакллантириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш ва сувдан белгиланган мақсадларда фойдаланишни таъминлаш ҳам муҳим вазифалар сирасига киради.
Инспекция томонидан сув ресурсларидан самарасиз фойдаланиш, сувнинг беҳуда оқизиб қўйилиши, ҳисобга олинмаган сув сарфи ва белгиланган талабларга зид равишда фойдаланиш ҳолатларига нисбатан таъсирчан назорат чоралари амалга оширилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 1 ноябрь ойига қадар 649 та ҳолатда 2 млрд 242 млн 200 минг сўмлик маъмурий жарималар қўллланилди.
Хулоса ўрнида, ичимлик суви – бу оддий истеъмол ресурси эмас, балки ҳаёт, саломатлик ва келажак кафолатидир. Уни асраш, қадрлаш, тежаш ва сифатини таъминлаш ҳар биримиздан масъулият талаб этади.
Турсун ЭРГАШЕВ,
Қурилиш ва уй-жой коммунал
хўжалиги соҳасида ҳудудий
назорат қилиш инспекция
бошлиғи ўринбосари.