Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими томонидан “Жиззах ҳақиқати” ва “Джизакская правда” газеталари таҳририяти биносида “Ўзбекистон журналистларининг касбий этикаси кодекси” лойиҳасининг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифаларига бағишланган йиғилиш ташкил этилди. Унда журналистика соҳаси вакиллари, таҳририят ходимлари ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тадбирнинг асосий мақсади — миллий журналистикада касбий этика меъёрларини янада мустаҳкамлаш, журналистнинг жамият олдидаги масъулиятини ошириш, ахборот тарқатишда холислик, ҳаққонийлик ва адолат тамойилларига риоя этиш масалаларини кенг муҳокама қилишдан иборат. Тадбирда Ўзбекистон журналистлар Уюшмасининг Медиа таълим лойиҳалари бўлими бошлиғи Нозима Тошпўлатова Кодекс лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва асосий тамойиллари ҳақида маълумот берди.

–Бугунги тезкор ахборотлар замонида журналистнинг сўзи, муносабати ва ҳар бир хабари жамоатчилик фикри шаклланишига бевосита таъсир кўрсатади, – деди Н.Тошпўлатова. –Айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали турли маълумотлар сониялар ичида тарқалаётган бир пайтда журналистдан нафақат тезкорлик, балки юксак масъулият, пухта таҳлил ва касбий маданият ҳам талаб этилади. Чунки журналистнинг вазифаси фақат воқеани ёритиш эмас, балки унинг моҳиятини очиб бериш, ҳақиқатни холис етказиш ва жамиятда соғлом фикр шаклланишига ҳисса қўшишдир.
Шу маънода, “Ўзбекистон журналистларининг касбий этикаси кодекси” лойиҳасининг муҳокамаси соҳа вакиллари учун муҳим аҳамият касб этади. Зеро, касбий этика журналист фаолиятининг маънавий мезони, унинг қалами ва виждони ўртасидаги мустаҳкам боғлиқликдир. Журналист ахборот тайёрлаш жараёнида, аввало, фактларни текшириши, турли манбаларга таяниши, бир томонлама хулосалардан қочиши, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши лозим. Айниқса, шахсий ҳаёт дахлсизлиги, муаллифлик ҳуқуқи, ахборот манбаларига муносабат, жамоатчилик ишончи ва журналистнинг касбий мустақиллиги каби масалалар бугунги кун журналистикасида алоҳида ўрин тутади.
–Таъкидлаш жоизки, касбий этика фақат муайян қоидалар ва талаблар йиғиндиси эмас,– деди Ўзбекистон телерадиокомпанияси вилоят мухбири Дилмурод Абдураҳимов. –У журналистнинг ички маданияти, виждони, одамларга муносабати ва касбига бўлган садоқатида намоён бўлади. Қалам аҳли ҳар бир сўзининг масъулиятини ҳис этиши, ҳақиқатга содиқ қолиши ва жамоатчилик ишончини асраши лозим. Бугун миллий журналистика олдида турган энг муҳим вазифалардан бири ҳам ана шу ишончни мустаҳкамлашдир. Бунинг учун эса ҳар бир журналист ўз касбига фақат меҳнат фаолияти сифатида эмас, балки жамият ва халқ олдидаги юксак масъулият сифатида қараши зарур.
Муҳокама давомида журналистлар лойиҳа юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Шаҳноза БУТУНБОЕВА.
Ш.Эгамқулов олган сурат.