Куз-қиш мавсумида коммунал хизматларга бўлган талаб ортади. Электр тармоқларига тушадиган юклама кўпаяди, газ босимининг барқарорлиги, ёқилғи захираси ва иситиш тизимларининг созлиги янада муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли Дўстлик туманида жорий йил мавсумга тайёргарлик ишлари барвақт бошлаб юборилди.
Дастлабки ўрганишлар давомида тумандаги олтита маҳаллада газ таъминоти бўйича хатлов ўтказилиб, мавжуд камчиликлар аниқланди. Бугунги кунга қадар 13 та газ тақсимлаш пункти модернизация қилиниб, 900 метр тармоқ реконструкция қилинди, 5,8 километр газ қувури тартибга келтирилди. Шунингдек, 20 та ҳисоблагич текширилди, маълумот узатмаётган 61 та газ қурилмасининг ишлаши тикланди.
Бироқ хатлов натижалари ҳали бажарилиши керак бўлган ишлар борлигини ҳам кўрсатди. Жумладан, 1,2 километр газ тармоғини таъмирлаш, 4,3 километр қувурни бўяш, 600 метр қўш қатор тармоқни кесиш ҳамда 700 та хонадонга тақсимлаш қурилмаси ўрнатиш зарурати аниқланди. Бу вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши газ таъминотидаги барқарорлик учун муҳим.
Газ тармоқларини соз ҳолатда сақлаш ва истеъмолчиларга узлуксиз хизмат кўрсатиш устувор вазифамиз. Шу билан бирга, тўлов интизоми ҳам таъминот барқарорлигига таъсир қилади. Бугунги кунда туманда аҳоли истеъмолчиларининг табиий газдан қарздорлиги 295 миллион сўмни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич бўйича вилоятдаги туманлар орасида олтинчи ўриндамиз. Корхона ва ташкилотларнинг қарзи эса 506 миллион сўмга етган. Ҳозирга қадар 37 миллион сўм қарздорлик ундирилди, — дейди “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали Дўстлик тумани газ таъминоти бўлими бошлиғи Нажмиддин Яссаков.
Газ таъминоти инфратузилмасини янгилаш ишлари ҳам давом этмоқда. Хусусан, Алишер Навоий маҳалласи Ғишткўприк кўчасидаги юқори босимли газ тақсимлаш шохобчасининг РДУК-50 русумли қурилмаси ўрнига замонавий РДУК-100 ускунаси ўрнатилди. Бу эса газ тақсимлаш тизимининг ишончлилигини оширишга хизмат қилади.
Электр таъминотида эса туманнинг асосий энергетик иншоотларидан бири — 1982-йилда қурилган “Дўстлик” 110/35/10 кВ подстанцияси реконструкция қилинмоқда. Илгари 32 мегаватт қувват билан 12 минг 600 та истеъмолчига хизмат кўрсатган подстанцияда лойиҳа якунида ҳар бири 25 мегаватт қувватга эга иккита трансформатор ўрнатилиб, умумий қувватни 50 мегаваттга етказиш режалаштирилган. Бу туманда ортиб бораётган электр энергияси эҳтиёжини қоплаш учун муҳим. Бироқ подстанция қувватини ошириш билан бирга, маҳаллалардаги электр узатиш линиялари ва трансформатор пунктларининг ҳолатини ҳам доимий назорат қилиш талаб этилади.
Мавсумга тайёргарликда ёқилғи таъминоти ҳам эътибордан четда қолмади. “Кўмир таъминот” МЧЖ Жиззах вилояти филиалининг Дўстлик омборига қарийб 300 тонна кўмир келтирилган. Омбор Дўстлик билан бирга Мирзачўл ва Арнасой туманлари аҳолисига ҳам хизмат кўрсатади. Тумандаги бюджет ташкилотларига 600 тоннадан ортиқ кўмир етказиб берилди. Эндиликда муҳим вазифа — аҳолига мўлжалланган ёқилғини белгиланган тартибда, ўз вақтида ва адолатли тақсимлаш.
Кўп қаватли уй-жойларда ҳам тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. “Обод Бунёдкор-прогресс” бошқарув сервис компанияси томонидан Ғафур Ғулом маҳалласидаги кўп қаватли уйларнинг том қисмлари ва кириш йўлакларини таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Бундай ишлар билан бир қаторда, уйларнинг ички муҳандислик тармоқлари, ертўлалар ва сув қувурлари ҳолатини ҳам назорат қилиш зарур. Чунки совуқ кунларда айнан шу тизимлардаги носозликлар аҳолига қўшимча ноқулайлик туғдириши мумкин.
Мавсум давомида юзага келадиган муаммоларни тезкор ҳал этиш учун туманда 24 соатлик штаб фаолияти йўлга қўйилган. Унинг таркибига газ, электр, ичимлик суви, фавқулодда вазиятлар, тиббиёт ва бошқа соҳалар вакиллари киритилган. Штаб аҳоли мурожаатларини қабул қилиш, муаммоларни жойида ўрганиш ва тегишли хизматлар орқали бартараф этишни ташкил этади. Бунда мурожаатларни шунчаки рўйхатга олиш эмас, уларни имкон қадар қисқа муддатда ҳал қилишга ҳаракат қилинмоқда.
Қиш мавсумида коммунал таъминот билан бир қаторда, хонадонлар хавфсизлиги ҳам долзарб масалага айланади. Иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш, дудбуронларнинг тозаланмаслиги ва шамоллатиш тизимларидаги носозликлар ис газидан заҳарланиш хавфини оширади.
Бу борада Дўстлик тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари хонадонларда ўрганишлар ўтказиб, аниқланган камчиликларни тушунтирмоқда.
Дўстлик туманида мавсумга тайёргарлик юзасидан муайян ишлар бажарилди. Энди асосий эътибор аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш, электр ва газ таъминотининг барқарорлигини таъминлаш, кўмир етказиб беришдаги узилишларга йўл қўймаслик ҳамда аҳоли мурожаатларига тезкор муносабат билдиришга қаратилиши лозим. Зеро, қишки тайёргарликнинг ҳақиқий натижаси бажарилган ишлар сони билан эмас, совуқ кунларда аҳолининг электр, газ ва иссиқлик билан қай даражада таъминланганида намоён бўлади.
Худойберди ЗИЁТОВ
Муаллиф олган сурат.