ДОИМИЙ КОМИССИЯ ЙИҒИЛИШЛАРИ

Халқ депутатлари вилоят Кенгашида Кенгашнинг еттинчи чақириқ 38-сессиясига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш мақсадида доимий комиссия йиғилишлари бўлиб ўтди.

Кенгашнинг аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссия йиғилишини комиссия раиси Эркин Холматов бошқариб борди. Унда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 23 сентябрдаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини тубдан оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда Жиззах вилояти ҳокими У.Мустафоев раҳбарлигида 2026 йил 5 сентябрда ўтказилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар, кўчатларни парваришлаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишда берилган топшириқлар ижроси тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.

Ушбу масала юзасидан вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шавкат Артиқбоев сўзга чиқиб, кузги мавсумда кўчат экиш ишларини суст ташкил этган масъул идоралар, экилган ниҳолларнинг нобуд бўлиши, пайҳон қилиниши ва ўғирланиши каби ҳолатлар, шунингдек, бу борадаги масъулиятсизликлар ҳақида маълумот берди. Комиссия раиси томонидан бундай камчиликларга йўл қўяётган ташкилот раҳбарларига танқидий муносабат билдирилиб, белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш, кўчатларни ўз вақтида экиш ва уларни парваришлашга масъулият билан ёндашиш, ҳудудларда тозаликни сақлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасидаги ишларни уюшқоқлик билан ташкил этиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Шу куни бўлиб ўтган маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси йиғилишида Кенгашнинг кўп квартирали уй-жойлар ва ижтимоий соҳа  обектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ҳамда Жиззах шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларининг амалга оширилиши муносабати билан ер участкаларини жамоат эхтиёжлари учун олиш тўғрисидаги қарорларига ўзгартириш киритиш, шунингдек, вилоят бюджетининг қўшимча манбалардан фойдаланиш бўйича масалалар депутатлар томонидан муҳокама қилинди.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *