ЯШИЛ КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ

Давлатимиз раҳбарининг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини тубдан оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб республикамизда “Тозалик ва озодалик долзарб икки ойлиги” ўтказилмоқда.

Юқорида келтирилган тегишли қонуний ҳужжатга асосан вилоятимизда ҳам қатор эзгу ишлар қилинаётир. Бугунгача Шароф Рашидов ва Фориш туманларини боғловчи автомобиль йўли ёқаларига манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Воҳамизда кўплаб яшил масканлар барпо этишга катта эътибор қаратилмоқда, — деди Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси матбуот котиби Жаҳонгир Намозов. — Бу хайрли ишларда ёшларимиз ўз ташаббуслари билан фаол иштирок этишаяпти. Айни дамда Ғаллаорол туманидаги Бахт маҳалласида “Яшил маконни бирга барпо этамиз” шиори остида кўчат экиш ишлари амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида ҳудудда 1,5 минг туп манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган. 

Вилоятимизнинг тобора кўркам қиёфага кириб, атроф-муҳит софлиги, экологияси яхшиланиб бораётганлиги ва яшил маконларда янги ҳудудларнинг ортиб бораётганлиги юрт тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир кишининг дилларини яйратмоқда.  Арнасой туманининг Бўстон маҳалласида ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида янги барпо этилган истироҳат боғида кўчат экиш ишлари қизғин давом этмоқда.

Эътиборлиси, ушбу хайрли ташаббусда маҳалла нуронийлари, хотин-қизлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари фаол қатнашяпти. Албатта, бугун экилган ҳар бир ниҳол — эртанги яшил келажак пойдевори.
Яшил келажак сари яна бир қадам қўйилмоқда!

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *