Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28-майдаги “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари” тўғрисидаги Қарорида мамлакат бўйлаб кексаларнинг саёҳат қилишини рағбатлантириш мақсадида ҳар йили 1 ноябрдан 30 ноябргача “Кексалар туризм ойлиги”ни ўтказиш белгиланган. Воҳамизда ҳам ойлик доирасида кўплаб нуронийларнинг республикамиз бўйлаб сермазмун ва кўнгилочар саёҳатлари ташкил этилди.
Янгиобод туманида нуронийларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ижтимоий фаол нуронийларни қўллаб-қувватлаш ва уларни оммавий тадбирларга жалб этиш мақсадида қатор тадбирлар уюштирилмоқда. Хусусан, “Кексалар туризм ойлиги” доирасида тумандаги бир гуруҳ нуронийлар Тошкент шаҳрига саёҳат қилишди. “Нуроний” жамғармаси Янгиобод туман бўлими томонидан ташкил этилган саёҳат давомида нуроний отахону онахонлар пойтахтнинг диққатга сазовор жойлари билан танишдилар. Кун сайин янгиланиб, замонавийлашиб бораётган пойтахтнинг кўркамлигидан завқ олишди. Тошкент тобора ривожланиб, халқаро миқёсдаги бизнес майдонга айланиб бораётгани ҳам бор гап. Бу ерда дам олиш ва ҳордиқ ёзиш учун барпо этилган иншоотлар уларни ҳайратга солди.
Мазкур ойлик доирасида тумандаги ёши улуғ нуронийлар ва меҳнат фахрийлари ушбу тадбирларга фаол жалб этилиб, уларнинг яна бир гуруҳ нуронийлари гўзал Самарқанд шаҳрида бўлишди. Саёҳат давомида 30 нафарга яқин отахон ва онахонлар Самарқанднинг тарихий ҳамда маҳобатли меъморий обидалари, мустақиллик йилларида барпо этилган бунёдкорлик иншоотлари билан яқиндан танишдилар. Саёҳатчилар Гўри Амир, Регистон, Ҳазрати Хизр, Шоҳи Зинда, Улуғбек расадхонаси каби қадамжоларни зиёрат қилишаркан, аждодларимизнинг илм-фан ва инсоният тараққиётига улкан ҳисса қўшганига яна бир бор гувоҳ бўлдилар. Зиёрат чоғида шаҳардаги бунёдкорлик ишлари, айниқса,”Боқий шаҳар” мажмуаси нуронийларда илиқ таассуротлар қолдирди.
—Юртимиздаги ислоҳотлар туфайли катта ўзгаришлар юз бераяпти, —дейди тумандаги Шодлик маҳалласида яшовчи Абдумўмин Қорабоев. —Бутун Ўзбекистон бўйлаб ажойиб ташаббус — кексалар учун туризм ойлиги ташкил этиб борилди. Туманимизда ҳам қарияларга эътибор ниҳоятда катта, ойлик юқори савияда ўтказилаяпти, десак муболаға эмас. Фахрийларимиз Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳри, Хоразмга, Бухорои шариф ва Самарқандга, азим Тошкент шаҳрига саёҳат қилиб, зиёратдан шоду хуррам бўлиб қайтишди. Яқинда Самарқанд шаҳрига биз ҳам сайр қилдик. У ердаги тарихий ва архитектура ёдгорликларининг гўзаллиги, маҳобатидан ҳайратга тушдик. Бу фаровонликлардан, биз кексаларга бўлган эътибордан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Юртимиздаги ободликлар туфайли Самарқанд ёнида йўлдош бир шаҳар Боқий шаҳар пайдо бўлди. Уни кўриб қалбларимиз жуда тўлқинланиб кетди. Маҳалламизда фахрий нуронийлар билан биргаликда кўплаб маънавий тадбирларни ўтказиб бораяпмиз. Шундай тинч ва яхши кунлар учун Юртбошимиздан миннатдормиз.
—Вилоятимизда, туманимизда ҳам кекса авлод вакилларини эъзозлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, ёшларни миллий анъана ва қадриятларимиз асосида тарбиялашда жонбозлик кўрсатишлари учун кенг йўл очилган, —дейди Янгиобод туман ҳокимлиги ахборот хизмати бошлиғи Дилмурод Ражабов. — Уларнинг жамият ишларида фаоллигини оширувчи, саломатлигини тиклаш борасидаги тадбирлар нуронийларимизни мамнун қилмоқда. Айниқса, уларнинг республикамиздаги диққатга сазовор жойлар, муқаддас зиёратгоҳларга сафари ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Улар бу саёҳатларда олган таассуротлари, маълумотларини келгусида ёш авлод тарбиясида қўллайдилар, деган фикрдаман.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.