ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРДА НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

Бугунги кунда ҳар бир фуқаро фавқулодда вазиятларда нима қилишни, қандай ҳаракатланишни билиши керак.  Инсон сел оқими, сув тошқини ёки қор кўчкисига дуч келса нима қилиши зарур? Ис газидан қандай ҳимояланмоқ кдаркор? Ёнғинни қандай олдини олиш мумкин?

Айни кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари  вилоятимизда ҳам куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.  Мавсум давомида ёнғин, чақнаш, ис газидан заҳарланиш каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор профилактик чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Яқинда  вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган пресс-турда қатнашган оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар ва ижтимоий тармоқлар фаоллари бошқарма жамоасининг бугунги фаолияти билан яқиндан танишдилар.

“Жиззах вилоятида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган тадбирлар” мавзуида ўтказилган тадбир вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Жиззах шаҳар бўлими фаолияти билан танишишдан бошланди. Анжуманни вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг бошлиғи, полковник Равшан Ибрагимов қисқача кириш сўзи билан очиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг қуйи тузилмаларига қаратилаётган эътибор, ёнғин-қутқарув қисмларининг янгидан қурилиш ишлари, замонавий махсус техникалар ва асбоб-анжомлар билан таъминланаётганлиги, куз-қиш мавсуми давомида юзага келиши мумкин бўлган ёнғинлар, ботулизм, ис газидан заҳарланиш каби ҳолатларни олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш, инсонларнинг ҳаёти ва соғлиги, моддий бойликлари ва мол-мулкини сақлаб қолишда ушбу махсус техникалар ва асбоб-анжомларнинг бераётган самараси ҳамда фавқулодда вазиятларни олдини олиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли профилактик тадбирлар, “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” давомида амалга оширилаётган ишлар  ҳақида гапириб берди.

Шундан сўнг бошқарма бўлим бошлиғи, подполковник Фаррух Маткаримов, бошқарма ёнғин-қутқарув отряди қидирув-қутқарув гуруҳининг қутқарувчи-йўриқчиси Наби Ҳамроқулов, қутқарув гуруҳи бошлиғи Шавкат Маматқулов, 1-ҳарбийлаштирилган ёнғин қутқарув қисми бошлиғи, майор Азамат Санақулов, сувда қутқарув гуруҳи қутқарувчи-йўриқчиси Бобур Маликовлар қутқарувчилар томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб, қутқарув пайтида ишлатиладиган замонавий техника ва асбоб-ускуналарни намойиш этишди. Замонавий техникалардан бири—кўтарма кран ўрнатилган “MAN” русумли автомашина кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортди. Ушбу автомашина Самарқанд шаҳридаги заводда ишлаб чиқарилган бўлиб, унинг орқа қисмига Германияда тайёрланган махсус кран ва гидравлик мосламалар ўрнатилган. Бу машинадан зилзила, ёнғин пайтида фойдаланилади. Краннинг кўтаргичлари қутқарувчиларни 46 метрлик баландликка кўтариб бераолади.

—Бошқарманинг “Навбатчилик қисми”га вилоятимиз аҳолисидан ҳар куни 7-8 дан мурожаатлар келиб туради, —дейди бошқарма бўлим бошлиғи, подполковник Фаррух Маткаримов.—Қутқарувчилар гуруҳлари зудлик билан ёрдамга шошиладилар. Белгиланган қоидаги кўра, улар 45 сонияда чиқиб кетишлари керак. Қутқарувчи доимо ёрдамга шай, экстремал вазиятларда тезкор қарор қабул қилишга қодир, фавқулодда вазият юзага келганда инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун жасорат кўрсатишга ҳамиша тайёр бўлиши шарт. Шахсий таркиб ўртасида ана шундай хислатларни камол топтириш, уларни ҳар томонлама етук ва баркамол қилиб тарбиялаш мақсадида бошқарма ва унинг қуйи тизимида доимий равишда машғулотлар ўтказиб келинмоқда. Ушбу машғулотлар мобайнида барча гуруҳларнинг ҳаракатлари, бириктирилган махсус анжомлар ва ҳимоя воситаларидан фойдаланиш кўникмалари ҳосил қилинади. Бир сўз билан айтганда, қутқарувчиларнинг маҳоратини ошириш ишлари талаб даражасида олиб борилмоқда. Бу албатта яхши самара бераяпти. Вилоятимизда содир бўлган сел пайтида, ўтган йили аномал совуқда ва бошқа ёнғинларда қутқарувчиларимиз юзлаб фуқароларга ёрдам беришди, ҳаётини сақлаб қолишди.

Бошқарманинг ёпиқ бассейнида сувда қутқарув гуруҳининг чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ходисалар оқибатларини бартараф этишдаги имкониятлар ва махсус асбоб-анжомлардан фойдаланиш амалда намойиш қилинди. Ғаввосларнинг амалий машғулотлари тадбир қатнашчиларида ёрқин таассурот қолдирди. Ғаввосларнинг хавфсиз ҳаракат қилишлари учун кийиладиган кийимлар, алоқа воситалари ва бошқа жиҳозлар тўғрисида сувда қутқарув гуруҳи командири Саҳоб Маҳкамов  йиғилганларнинг саволларига батафсил жавоб берди.

Тадбирнинг учинчи қисми ниҳоятда ҳаяжонли ва қизиқарли дақиқаларга бой бўлди. Тадбир иштирокчиларига кўп қаватли бинода содир бўлган фавқулодда вазиятларни бартараф этишда махсус техникалар, куч ва воситаларни жалб қилган ҳолда ёнғинларни бартараф этиш, жабрланганларни қутқариш ишлари амалий тарзда намойиш этилди.

Тадбир давомида иштирокчиларнинг барча саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.

Васил ИЛЁСОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *