Жиззах вилояти фаолларининг қишлоқ хўжалик корхона, фермер, деҳқон хўжаликлари, кластерлари раҳбарлари
ва маҳалла раисларига
М У Р О Ж А А Т И
Ассалому алайкум!
Ҳурматли кластерлар, фермерлар, миришкор деҳқонлар, маҳалла фаоллари!
Бугун, Сизлар давлатимизнинг асосий таянчи, қишлоқ хўжалигимизнинг фидойи инсонларисиз. Халқимизнинг фаровон ҳаёти, дастурхонларимизнинг тўкин-сочинлиги, фарзандларимизнинг ёрқин келажаги Сиз азизларнинг садоқатли меҳнатларингизга боғлиқ.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳам вилоятларга ташрифларида, оммавий ахборот воситаларида чиқишларида, қолаверса, яқинда 29 ноябрь куни “Қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам Сизларга жуда катта ишонч билдирдилар.
Бугунги дунёда кузатилаётган ноаниқликлар, экологик ҳолатнинг бузилиши, об-ҳавонинг кескин ўзгаришлари, сув танқислигининг йилдан-йилга кучайиб бориши Сизу биздан янада фидойиликни талаб қилмоқда.
Шундай экан, барчамиз мана шу Ватан меники, шу ер меники, шу Ватанда менинг ота-боболарим хоки ётибди, ота-онам, ака-укаларим, опа-сингилларим, фарзандларим, невараларим яшаяпти, уларнинг фаровон ҳаёти учун озроқ бўлса ҳам ҳиссамни қўшиш мени энг олий бурчим деб яшашимиз ва шунга яраша меҳнат қилишимиз зарур.
Фидойи фермерлар, миришкор деҳқонлар!
Ҳаммангизга маълумки дунёда сув танқислиги йилдан-йилга кучайиб бормоқда, шу қатори давлатимизда ҳам сув танқислиги яққол сезилмоқда. Мутахассисларнинг ҳисоб-китоблари бўйича шу тарзда сувдан фойдаланишни давом этадиган бўлсак давлатимиз сув танқислиги бўйича дунё давлатлари ичида хавфли 30 та давлат қаторига кириш эҳтимоли бор.
Қолаверса, вилоятимиз фойдаланаётган сувнинг 80-90 фоизини бошқа давлатлардан минг машаққат билан олаётганлигини, ушбу сув учун давлат бюджетидан бир йилда ўрта ҳисобда 326,2 млрд. сўм маблағ сарфланаётганлигини, шунга қарамасдан, сувдан хўжасизларча фойдаланаётганлигимизни, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаларида 1 гектарга 6-7 минг м3, ривожланган давлатларда 4-5 минг м3 сув сарфланаётган бир пайтда, бизда 10-12 минг м3 ёки 2-3 баробар кўп сув сарфлаётганлигимизни нима деб изоҳлашимиз керак.
Вилоятимизда 776 километр хўжалик ички каналлар, 5141 километр узунликда ички ариқлар мавжуд бўлиб, шундан 186,7 км. хўжалик ички каналлари, 963,7 км. ички ариқлар бетонлаштирилмаган. Хўжалик ички каналлари ва ички ариқларнинг тозаланмаганлиги ёки бетон билан қопланмаганлиги оқибатида ҳар йили 800-900 млн. м3 сув йўқотилаётганлиги ёки давлат бюджетидан ажратилаётган 194 млрд. сўм маблағ ҳавога учиб кетаётганлиги ачинарли ҳолдир. Ваҳоланки, ушбу йўқотилаётган сув билан қўшимча 236 минг гектарни бир марта суғориш мумкин ёки шу йўқотилган пулга Сиз билан бизнинг фарзандларимиз, невараларимиз учун 19 та мактаб ёки 39 та болалар боғчаси ёки 6 та касалхонани қуриб ишга тушириш мумкин.
Ҳурматли кластерлар, фидойи фермерлар, маҳалла фаоллари!
Сизлар ҳам бошқа давлатларнинг кластер ва фермерларидан ҳеч қолишмайсиз, сув танқислигини юмшатиш учун Сиздан фақат озроқ фидойилик, Ватанга садоқат талаб этилади, холос. Бунинг учун:
– ҳар бир кластер, ҳар бир фермер, ҳар бир маҳалла раиси ва фаолларидан келаётган 2024 йилни “Канал ва ариқларни бетонлаштириш Зарбдор йиллиги” деб эълон қилиб, барча куч ва имкониятларингизни ишга солиб, маҳаллангиз, фермер хўжалигингиз ҳудудидан ўтган хўжалик ички канал ва ички ариқларни лойқа, бегона ўт қолдиқлари ва чиқиндилардан тозалаш ва бетонлаштиришда жонбозлик кўрсатишингизни;
-далангизга, томорқангизга сув ўз вақтида етиб бориши, сувнинг исроф бўлишининг олдини олиш учун канал ва ички ариқларга ўрнатилган ускуна ва жиҳозларни доимо соз ҳолда сақлашингизни;
-сизга ажратилган сувдан мақсадли ва тежамкорлик билан фойдаланишингизни;
-ер майдонларингизга сув тежовчи технологияларни, хусусан, томчилатиб, ёмғирлатиб, дискерт суғориш жиҳозларини ўрнатишингизни;
-фермерлар ўзаро келишиб, ҳар бир СИУда 1 дона лазерли ер текислагич сотиб олиб, ерларни лазерли текислашингизни сўраймиз.
Агарда Сиз юқоридаги тадбирларни амалга оширсангиз фақатгина манфаат топасиз, зиён кўрмайсиз. Оддий мисол, агарда 10 гектарда томчилатиб суғоришни жорий қилсангиз нимани ютасиз, хусусан:
–оддий суғориш усулида 444 минг м3 сув, 5550 кВт электр энергия, 92,7 млн. сўм маблағ, шундан электр энергияга 5,5 млн. сўм, махсус хизматга 5,3 млн. сўм, сув солиғига 17,7 млн. сўм, сувчи иш ҳақига 3 млн. сўм, ер солиғига 440 минг сўм, механизация харажатларига 29,5 млн. сўм, минерал ўғитга 31,1 млн. сўм сарфлайсиз.
–томчилатиб суғориш усулида 266,4 минг м3 сув, 3330 кВт электр энергия, 43,5 млн. сўм маблағ, шундан электр энергияга 3,3 млн. сўм, махсус хизматга 3,2 млн. сўм, сув солиғига 10,6 млн. сўм, сувчи иш ҳақига 1,5 млн. сўм, ер солиғига 0,0 сўм, механизация харажатларига 6,2 млн. сўм, минерал ўғитга 18,7 млн. сўм сарфлайсиз.
–шунда Сиз томчилатиб суғориш ҳисобига 10 гектарда 177,6 минг м3 сув, 2220 кВт электр энергия, жами 49,2 млн. сўм маблағ, шундан электр энергиядан 2,2 млн. сўм, махсус хизматдан 2,1 млн. сўм, сув солиғидан 7,1 млн. сўм, сувчи иш ҳақидан 1,5 млн. сўм, ер солиғидан 440 минг сўм, механизация харажатларидан 23,4 млн. сўм, минерал ўғитдан 12,4 млн. сўм иқтисод қилиб қоласиз. Шу билан бирга, қилган харажатингизни 2 йилда қоплаб оласиз.
Худди шундай, лазерли ер текислашнинг аҳамиятини 10 гектар майдон ҳисобида таҳлил қиладиган бўлсак:
Лазерли ер текислагич билан 10 гектар ғалла майдонини текислаш ишлари бажарилса, (ер ҳолати, нишаблигини ҳисобга олган ҳолда) техника ва механизатор иш ҳақи билан ҳисобланганда 30 млн. сўм ҳамда ёқилғи харажатлари 2500 литр, яъни 20 млн. сўм, жами 50 млн. сўм харажат қилинади.
Ғалла майдонидан ер текислаш ҳисобига 10 центнердан ҳосил қўшиб олганимизда 10 тонна дон 30 млн. сўм ҳисобласак, қилинган харажатни ғалланинг ўзида 1 йилда 60 фоизини қоплаб олишга эришасиз.
Бундан ташқари, 10 гектар ғаллани бир йилда 4 марта суғорадиган бўлсангиз, жами 40-48 минг м3 сув сарфланади, лазерли ер текислаш қилинган майдонда эса 30 фоиз сувни, яъни 12000-14000 м3 сувни иқтисод қилиб қоласиз.
Насос билан боғланган майдонларда суғориш учун сарфланадиган электр энергияси 1540 кВт, яъни 1 млн. 380 минг сўм харажатлар иқтисод қилинади.
Пахтачилик бўйича ҳисоб-китоб қилинганда 10 гектар пахта майдонидан ер текислаш ҳисобига 7 центнердан ҳосил қўшиб олганимизда 7 тонна пахта (ўртача 7800 сўм бўлганда) 54,5 млн. сўм ҳисобласак қилинган харажатни 1 йилда 100 фоизни қоплаб олишга эришасиз.
Қолаверса, тупроқ шўрланишининг камайишига эришилади, суғориш вақти, ишчи кучи сарфи камаяди, экинларнинг бир текисда униб чиқиши таъминланади.
Шу билан биргаликда, 2 йил ичида лазерли ер текислаш тадбирларини бажармасангиз, Сизга нисбатан сув солиғи 2-3 баробарга оширилади.
Фидойи фермерлар, жонкуяр деҳқонлар!
Сув танқислигини юмшатишда ерларни ўз вақтида шудгорлаб, шўр ювишга ер тайёрлаш ва шўр ювиш тадбирларини амалга ошириш муҳим омиллардан бири эканлигини, шу орқали баҳорда экилган чигитнинг ўз намига униб чиқишига, ғўзани суғоришни камида 1 мартагача қисқаришга эришишни яхши биласиз.
Шунинг учун, бугундан ишга бўлган муносабатингизни тубдан ўзгартириб, далангизни қисқа муддатда шудгор қилиб, шўр ювишга ер тайёрлаш ва шўр ювиш тадбирларини амалга оширишингизга ишонамиз.
Қадрли фермер ва деҳқонлар!
Давлатимиз қанчалик қийин бўлмасин, Сиз кластер ва фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда, давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши натижасида, бугунги кунда дунёда энг арзон сув бизда, лекин олинаётган 1 м3 сув учун ҳисобланган 80 сўмлик тўловларни ҳам ўз вақтида ёки умуман тўламаяпмиз.
Сиз тўлаган маблағдан Сизнинг, бизнинг ота-онамиз нафақа олаяпти, фарзандларимиз ёки набираларимиз боғча ва мактабларда таълим, иш ҳақи олаяпти.
Биз, Сизларнинг бундан кейин ҳисобланган сув солиғи тўловларини ўз вақтида тўлаб боришингизга ишонамиз. Зеро, Сиз шу қилган хизматингиз билан вилоятимиз, республикамиз бюджетига ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз.
Ташаббускор кластер ва қадрли фермерлар!
Ота-боболаримиз “Тозалик остонадан бошланади” деб бекорга айтишмаган. Далангиз ҳам Сизнинг остонангиз. Тозалик бор жойда барака бўлади, шундай экан, ҳар биримиз ўз даламизда ҳақиқий дала маданиятини яратайлик, бунинг учун ўзингизнинг далангиз атрофидаги ерларни бегона ўт қолдиқларидан тозалашингизни, дала четларига, ариқлар атрофига, йўл ёқаларига иқтисодий даромад берадиган тут, терак, узум кўчатлари ҳамда ҳар хил сабзавот ва бошқа экинлар экишни амалга ошириб, оилангиз фаровонлиги, дастурхонларимиз тўкин-сочинлиги учун жонбозлик кўрсатинг.
Олийжаноб фермерлар, жонкуяр деҳқонлар!
Бу йил яхши ниятлар билан келгуси йил ҳосили учун ерга ғалла уруғини қададингиз. Бугун аксарият майдонларда ғалла майса бўлиб, ривожланмоқда. Эккан ғалламизнинг қишга туплаган ҳолда кириши учун ҳали олдимизда қилишимиз зарур бўладиган агротехника тадбирлари турибди.
Биринчидан, суғорилмаган ғалла майдонларини зудлик билан қисқа муддатларда суғориб олиш;
Иккинчидан, ҳар беш гектарга 1 донадан ҳосил хандақлари қазиб, уларни гектарига 5 тоннадан чириган гўнг билан тўлдирган ҳолда шарбат оқизиш ишларини ташкил қилиш;
Учинчидан, майса бўлган ғалла майдонларини суспензия билан баргидан озиқлантириш;
Тўртинчидан, ғўза қатор ораларига экилган ғалла майдонларини ғўзапоядан тозалаш;
Бешинчидан, келгуси йилнинг февраль март ойларида озиқлантириш учун етарли миқдорда азотли минерал ўғитларни ҳозирдан захира қилиш зарур бўлади.
Яна бир муҳим масала, техникасиз қишлоқ хўжалигида юқори натижаларга эришиб бўлмайди. Шундай экан, бугундан бошлаб қишлоқ хўжалиги ишларида қатнашмаётган қишлоқ хўжалиги техника ва агрегатларини белгиланган дислокация жойига олиб келиб, таъмирлашни бошлаш керак бўлади.
Қолаверса, етишмаётган техника ва агрегатларни сотиб олиш бўйича ишлаб чиқарувчилар билан шартномалар тузиш зарур.
Юқоридаги кўрсатиб ўтилган вазифаларни сидқидилдан бажаришингизга, халқимизнинг фаровон ҳаёти учун меҳнат қилишингизга, барча жабҳаларда жонбозлик кўрсатишингизга ишонамиз.
Ҳурмат билан,
Э.Салиев
Вилоят ҳокими,Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати
А. Эшматов
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати,
Ўзбекистон Республикаси Қаҳрамони
Э. Холматов
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати
Н. Пардаев
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати
А. Абдурахмонов
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати
О.Ашурматов
Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги
масалалари бўйича ўринбосари
Б.Бобоқулов
Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи
М.Турдибоев
“Сирдарё-Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси
бошлиғи бошлиғи