220 НАФАР БОЛАЛАРГА ШОДЛИК УЛАШИЛДИ

Жиззах вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Саҳобиддин Болиев иштирокида Янги йил байрами муносабати билан эзгу ва хайрли ташаббус амалга оширилди.

Ушбу тадбир доирасида вилоят ногиронлар жамияти, вилоят карлар жамияти, вилоят кўзи ожизлар жамияти, вилоят ветеран жангчи фахрийлари ҳамда вилоят чернобилчилар уюшмаси аъзоларининг жами 170 нафар фарзанди, шунингдек, вилоятда истиқомат қилаётган 50 нафар кам таъминланган оила фарзандлари учун Янги йил байрам дастури ташкил этилди.

Қувонч ва шодликка тўла ушбу байрам тадбирида болажонлар учун куй-қўшиқлар, рақслар, саҳна кўринишлари намойиш этилди. Қорбобо ва Қорқиз образларининг чиқишлари эса болаларга алоҳида кўтаринки кайфият бағишлаб, тадбирга янада байрамона руҳ киритди. Тадбир якунида иштирок этган барча болаларга вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоевнинг совғалари топширилди.

–Мен йил бўйи Янги йилни – Президент арчасини орзиқиб кутаман, – дейди пахтакорлик Умид Носиров. – Бу йилги байрам кутганимдан ҳам қизиқарли бўлди. Айниқса, совғалар менга жуда ёқди. Совға ичида ширинликлар кўп экан. Арча атрофида мазза қилиб ўйнадик. Қорбобо ва Қорқизга қиш ҳақидаги шеъримни айтиб бердим.

Мазкур тадбир Янги йил арафасида болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қалбига меҳр ва эътибор улашиш йўлидаги яна бир қадам бўлди.

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА,

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ олган суратлар.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *