Вилоятимизда 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан “Коррупция – жамият кушандаси” номли кўрик танловини ўтказиш анъанага айланган. Кўрик-танлов якунида оммавий ахборот воситаларида ёритилган коррупцияга қарши курашишга оид энг яхши мақолалар, телекўрсатув ва радио эшиттиришлари, видеороликлар, тарғибот расмлари аниқланади.
Жорий йилда ҳам халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибиятида ушбу танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Котибият мудири Нодира Каримова тадбирни очиб, Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашнинг йил давоимида амалга оширган ишлари ҳақида ахборот берди.
— Биз коррупция иллатига қарши курашишда оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйганмиз, -деди Нодира Каримова. — ОАВ вакиллари барча тадбирларимизда фаол иштирок этишади.
Кўрик-танлов якунига кўра “Энг яхши босма нашр мақоласи” йўналишида “Жиззах ҳақиқати” газетаси бўлим муҳаррири Васил Илясов ғолиб деб топилди.
“Энг яхши телекўрсатув ва радио эшиттируви” йўналишида вилоят телерадио компанияси бўлим бошлиғи Ўткир Холбеков, “Энг яхши интернет мақоласи” йўналишида вилоят ҳокимининг матбуот котиби – Ахборот хизмати раҳбари Акмал Биноқулов, “Энг яхши видеоролик” йўналишида вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати мутахассиси Исфандиёр Ишанқулов, вилоят ИИБ ахборот хизмати продюссери Бахтиёр Тоғаев, “Энг яхши тасвирий санъат асари” йўналишида Жиззах политехника институти талабаси Хонзода Узоқова ғолиб деб топилди.
— Мен узоқ йиллардан буён расм чизиб келаман. Кейинги пайтда жамиятимизда учраётган иллатлар, муаммоларни карикатура тарзида ифода этиш орқали халқимизни уларга қарши курашишга чорламоқдаман, -дейди ёш рассом Хонзода Узоқова. — Бундай танловда илк бор иштирок этишим. Коррупцияга қарши курашишга қаратилган карикатурамга юқори баҳо берилганидан мамнун бўлдим.
Тадбирда ғолиблар вилоят ҳокимининг дипломи, қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
Асад ЯКУБОВ.
(“Жиззах ҳақиқати”)