ЯНГИ ЦЕМЕНТ ЗАВОДИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Вилоятимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш учун хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш, бизнесга қулай шарт-шароитлар яратиш, ишлаб чиқариш ва табиий ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш орқали янги иш жойларини яратиш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда.

Мустақиллик байрами арафасида “Эгизбулоқ” МФЙ ҳудудида  “JIZZAX SEMENT” масъулияти чекланган жамиятининг очилиш маросимига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирга вилоят ва Фориш тумани фаоллари, нуронийлар, депутатлар, инвесторлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди.

Тадбирни вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Эргаш Салиев кириш сўзи билан очиб, тадбиркорлар кунида бундай йирик корхонанинг фойдаланишга топширилиши Мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрамига ажойиб туҳфа бўлганини, янги заводнинг вилоят ва туман иқтисодиётида тутган ўрни ва аҳамиятига тўхталиб ўтди. Тадбир иштирокчиларини қўшалоқ байрамлар билан табриклаб, рамзий тугмани босиб, завод фаолиятига старт берди. Вилоят ҳокими ҳамроҳлигида меҳмонлар ва маросим иштирокчилари янги цемонт заводида яратилган шароитлар, иш жараёни билан яқиндан танишдилар.

Фойдаланишга топширилган  янги цемент заводининг   лойиҳаси қиймати 150 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, корхона тўлиқ ишга тушгач, йилиги 2 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга.  450 нафар маҳаллий ёшлар учун янги иш ўринлари яратилади.

 Мазкур лойиҳада дунёнинг энг сўнгги илғор энергия тежамкор технологиялари ҳисобланган яъни, ишлаб чиқариш линиясида юқори ҳароратли печидан атмосферага ажралиб чиқадиган иссиқлик ва зарарли газларни қайта ишловчи (WHR – Waste Haed Recovery sistems) тизими ўрнатилган. Бу эса ўз навбатида,  заводнинг экология ва атроф-муҳитга салбий таъсирини олдини олиш учун хизмат қилишга ҳамда электр энергияси сарфини 30-35 фоизга қисқартиришга эришилиб, ички ва ташқи бозорларни рақобатбардош, ҳамёнбоп цемент маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.

 —Мамлакатингизда хорижлик инвесторлар учун яратилаётган қулай муҳит, Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги яқин ҳамкорлик алоқаларининг янада мустаҳкамланаётгани бизни мамнун этади,—дейди “JIZZAX WCC SPECIAL CEMENT” МЧЖ Ўзбекистон-Хитой-Тожикистон қўшма корхонасининг кадрлар бўлими бошлиғининг ўринбосари Танг Гуо Хуа. —Форишда цемент ишлаб чиқариш учун энг асосийси, маҳаллий хом ашё бор. Биз ҳам шу ҳудудда янги цемент заводини ишга туширишни режалаштираяпмиз. Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқини яқинлашиб келаётган Мустақиллик куни байрами билан табриклаб, мамлакатингиз ва унинг аҳолисига фаровонлик ва тараққиёт тилаб қоламан.

Тадбиркорларга яратиб берилган имкониятлар натижасида вилоятимизда сўнгги 7 йил ичида  саноат корхоналари 1,7 баробар кўпайиб, уларнинг сони 2467 тага етди. Энг аҳамиятлиси, 6-7 йил аввал вилоятда 341 турдаги саноат маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 2,4 баробарга ортиб,  838 тага етди. Мазкур саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилда 2,5 трлн. сўмни ташкил қилган бўлса, 2023 йил якуни билан саноат маҳсулотлари ҳажми 7,6 баробар ортиб, 19 трлн. сўмга етди. Жорий йил якуни билан эса 23,1 трлн. сўмга етказиш кўзда тутилган.

2024 йил 1 август ҳолатига рўйхатдан ўтган кичик бизнес субъектлари сони 28,2 мингтани ташкил қилиб, жорий йилнинг 7 ойи давомида янги 3,3 мингта янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилди. Ушбу фаолият юритаётган корхоналарда банд бўлган аҳоли сони эса қарийб 212 минг нафарга етди.

 Фориш тумани нафақат вилоятимизда, балки мамлакатимизда ҳам саноатлашган туманга айланиб бормоқда.  Ҳудудда “Эгизбулоқ” саноат зонаси ташкил этилиб, саноат корхоналарини зарур инфратузилма (электр, йўл)  билан таъминлаш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Туманда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва инвесторлар маблағлари ҳисобидан бир қанча замонавий саноат корхоналари бунёд этилмоқда.

 

Зоир ЭРГАШЕВ.

фото: Ботир Қудратов 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *