ИЖТИМОИЙ СОҲА ОБЪЕКТЛАРИДАГИ БИР ҚАТОР МУАММОЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛДИ

        Юртимизнинг ҳар бир ҳудудида бўлгани каби Жиззах вилоятида ҳам куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш борасида кенг кўламли амалий ишлар олиб борилди. Бу йилги мавсумга тараддуд кўриш сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ишчи гуруҳи томонидан вилоятдаги ижтимоий соҳа объектларида мавсумга тайёргарликнинг аҳволи ўрганилди.

Хусусан, вилоятдаги 573 та (558 та умумтаълим, 13 та ихтисослаштирилган, 1 та ижод ва 1 та Президент мактаблари) мактаб, 1418 та (235 та давлат ва 1 183 та нодавлат) мактабгача таълим ташкилоти, 35 та (15 та касб – ҳунар мактаблари, 13 та техникум ва 7 та коллеж) профессионал таълим муассасалари, 5 та (3 та давлат ва 2 та нодавлат) олий таълим даргоҳлари, 2 та академик лицей, 174 та (32 та стационар ҳамда 142 та амбулатор) даволаш – профилактика муассасаларида ишларни тизимли йўлга қўйиш ва жадаллаштириш мақсадида масъул идора ва ташкилотлардан ходимлар бириктирилиб, муаммоли ижтимоий соҳа объектлари жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори  ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Вилоятда 2023 – 2024 йил куз – қиш мавсумида жами 357 та (199 та мактаб, 123 та мактабгача таълим ташкилоти, 35 та соғлиқни сақлаш муассасаси) ижтимоий соҳа объектларидаги иситиш қозонлари кўмирда ишловчи қозонларга алмаштирилди.

Мисол учун, Арнасой тумани тиббиёт бирлашмасида куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш учун 15 та қозонлар алмаштириш лозим бўлса-да, ўрганиш кунига қадар уни молиялаштириш масаласи ҳал этилмаганлиги аниқланди. Ишчи гуруҳи аралашуви билан пул маблағлари ажратиб берилиши таъминланди.

Бахмал тумани, “Ўсмат” МФЙдаги 1040 ўринли 1-сонли умумтаълим мактабининг иситиш тизими газга мослаштирилган эди. Эндиликда унинг ўрнига кўмирга мослаштирилган 12 та қозон ўрнатилди. Ёки 75-ўринли 5-сонли мактабгача таълим муассасасининг газга мослаштирилган қозонлари олиб ташланиб, кўмирга мослаштирилган қозонлар билан алмаштирилди.

Ғаллаорол туманидаги 80-сонли умумтаълим мактабида ДХШ асосида 3 та иситиш қозонларини модернизация қилиш ишлари режалаштирилган бўлишига қарамай, ишчи гуруҳи ўрганишгача ишлар бошланмаганлиги маълум бўлди. Шу  сабабли масъуллар огоҳлантирилиб, иситиш қозонлари янгисига алмаштирилди.

Шунингдек, 2023 – 2024 йил куз-қиш мавсумида ишлатиш учун мактабларга 25,5 минг тонна, мактабгача таълим ташкилотларига 60 минг тонна, соғлиқни сақлаш муассасаларига 1,6 минг тонна, олий ва профессионал таълим муассасаларига 553 тонна, маданият муассасаларига 60 тонна кўмир маҳсулотлари етказиб берилган.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳ вакиллари билан биргаликда соғлиқни сақлаш муассасаларида иситиш тизимларини созлаш, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда даволаш муассасаларига келаётган фуқароларга қулай шароитлар яратиш юзасидан масъул ходимларга топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Хуллас, ишчи гуруҳи кўмаги билан мавсумга тайёргарлик ишлари тизимли равишда олиб борилди ва бир қатор муаммоларнинг ҳал этилишига эришилди.

 

Махмуд АСАДОВ,

Бош прокуратура бошқарма

катта прокурори.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *