Болалар – ҳаётимизнинг мазмуни. Бола табассуми – олам безаги. 1 июнь –Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни дунёнинг кўплаб мамлакатларида кенг нишонланадиган, болалар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим сана ҳисобланади. Бу кун нафақат байрам, балки жамиятнинг эртанги куни бўлган болажонларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, уларнинг бахтли ҳаёти учун масъулиятни яна бир бор ҳис қилиш кунидир.
Шу куни юртимизнинг барча ҳудудларида турли байрам тадбирлари, концерт дастурлари, спорт мусобақалари, китоб кўргазмалари ва хайрия акциялари ташкил этилади. Бу тадбирлар болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларга қувонч улашиш ва эзгуликка чорлашга хизмат қилади. Айниқса, меҳр ва эътиборга муҳтож болалар ҳолидан хабар олиш, уларга маънавий ва моддий кўмак бериш ушбу байрамнинг энг муҳим жиҳатларидан бири саналади. Чунки ҳар бир бола бахтли болаликка, меҳр-муҳаббат ва ғамхўрликка муносибдир.
Сана муносабати билан Жиззах шаҳридаги “Ўрда” экологик боғида байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят “Келажак маркази” болалар ташкилоти ўзининг бадиий чиқишлари, ижодий ишлари ва кўргазмалари билан иштирок этди. Вилоят ҳокимлиги, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, Ўзбекистон болалар ташкилоти вилоят бўлими, ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда болажонларга самимий тилаклар билдирилди. Байрам дастурида мусиқий чиқишлар ва кўнгилочар викториналар, театрлаштирилган саҳна кўринишлари болажонларга чексиз қувонч, завқ-шавқ бағишлади.
–Ҳайратим бир олам,– деди кичик Шоҳрузнинг онаси Мавлуда Бегимова. – Ҳар йилгидан ўзгачароқ бўлди бугунги байрам. Фарзандларимизнинг қувончи, бахти учун ҳар куни байрам қилсак оз. Эрта тонгдан “Ўрда” экологик боғида бошланган тадбирларнинг кети узилмаяпти. Мана, кеч бўлдики, ўйнаб чарчашмаяпти болаларим.
Мазкур байрам болажонлар учун нафақат шодлик балки меҳр-оқибат, ғамхўрлик ва эътибор тимсолига айланди. Тадбир якунида кичкинтойларга ташкилотчиларнинг байрам совғалари топширилди.
Келинг, ҳар бир боланинг қалбидаги орзуларни асрашга, уларнинг бахтли ва фаровон ҳаёти учун масъулиятни ҳис этиб яшашга ҳаракат қилайлик. Зеро, бола кулгуси янграган юртда бахт, тинчлик ва тараққиёт барқарор бўлади. Байрамингиз муборак бўлсин, азиз болажонлар! Сизларнинг кулгингиз ҳамиша янграб, қалбингиздаги орзулар қанот ёзиб борсин!
Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.
Б.ҚУДРАТОВ (фото)