ГУЛЧАМБАРГА БОРСАМ МЕН АГАР…

Мен туғилган  Ғаллаорол туманидаги  Гулчамбар қишлоғи вилоят марказидан саксон километр  масофада жойлашган. Кўпчилик ҳамюртларимиз бу қишлоқ ҳақида эшитган, билишади ҳам. Халқ тилида “Пайшанба бозор” деб юритиладиган бозор шу қишлоқ ва вилоятимизнинг бошқа ҳудудларидан келувчилар учун  жуда асқотади.

Майли, бозорни қўя турайлик, бу бошқа масала. Гап  Коризқудуқ ва Гулчамбар оралиғидаги йўл ҳақида. Йўлсозлар тили билан айтганда умумий фойдаланишдаги давлат аҳамиятига эга 4Р43 М39 “Маржонбулоқ-Зармитон-Қўшработ” автомобиль йўлининг 0-58 километри айнан Ғаллаорол туманидан ўтади. Мазкур йўлнинг 45-58 километри оралиғидаги 13 қилометр узунликдаги қисми ҳозирда таъмирталаб аҳволда. Агар шу йўл таъмири тугатилганда эди, Жиззах шаҳридан Самарқанд вилоятининг Қўшработ ва Навоий вилоятининг Нурота туманларига бориш учун йўл масофаси камида 50 километрга қисқарарди. Бу масаланинг яна бир муҳим томони.     

Бу йўлга адашмасам 2005 йилларда тузуккина асфальт ётқизилган эди, баъзи кўчган жойларини айтмаганда. Ўша  йили йўлчилар келишди ва йўлни қайтадан таъмирлаймиз деб бузишди. Йўлсозлар шағал ётқизишди, ётқизишгандаям тан олиш керак жуда сифатли қилиб бажаришди. Шу билан иш тугади, ҳисоби бўлди. Йўлга қачон асфальт ётқизилар экан деган қишлоқ аҳлининг орзуси мана йигирма йилдирки армонлича қолиб кетаяпти.

Ҳозир Гулчамбар томон йўлим тушса қишлоққа яқинлашавергач, йўлнинг аҳволини кўриб, машинамга ачиниб кетаман.   Не умидлар билан олган уловимни бу йўллардан қийналиб юраётганини кўриб “Дод” деворгим келади. Ҳар сафар қишлоғимдан шаҳарга қайтгач, машинамни устага созлатгач, ташвишларим аригандек бўлади. Аммо…

 Жиззах шаҳрининг ёки олайлик  Ғаллаорол туманининг марказий ва асосий йўлларининг озгина  сифати бузилса, дарров техниканинг ҳаммаси шу жойда ҳозир бўлади. Йўллар ёпилган ва таъмирлашга тушиб кетишади. Шаҳар аҳолисини тўҳтовсиз қишлоқ ҳўжалиги ва чорвачилик махсулотлари билан таъминлаб турадиган қишлоқ аҳолисининг қандай йўлда юриши тегишли  масъуллар учун унчалик муҳим эмасми?  Шу тақир йўл сабаб бугунги кунда Гулчамбар қишлоқ марказидан туман маркази Ғаллаорол шаҳрига қатнайдиган эллик километрлик масофа учун  киракашлар ҳам йўл ҳақини ошириб олишган. Ҳар бир йўловчи 30-40 минг сўмдан йўлкира беришга мажбур. Яқинда мен хизмат сафари билан Жиззах шаҳридан Тошкент шаҳригача йўловчи машинада 20 минг сўм билан етиб олдим. Ўртадаги  фарқни солиштириб кўринг, бу ачинарли ҳолат эмасми?  Давлат аҳамиятидаги ва умумфойдаланишдаги автобомиль йўли дея таърифланган йўл қачон гулчамбарликлар учун аҳамиятли эканлигини исботлайди?  Аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатаётган йўл тезроқ таъмирланса борми, менинг энг катта орзуларимдан биттаси амалга ошган бўларди. Менимча бу  кўпчиликнинг орзуси бўлса керак. 

 

                                                                            Бахриддин УРАЛОВ,

                                                                           ЖДПУ ўқитувчиси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *