Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишнинг энг муҳим ва устувор вазифаларидан бири этиб белгиланган. Бугунги кунга келиб, ҳар бир идора ва ташкилотнинг эшиги одамлар учун очиқ, барча бўғиндаги амалдор ва мулозимларнинг фуқаролар билан очиқ мулоқотга киришиши одат тусига кирди.
Шу ўринда Кадастр агентлиги вилоят бошқармасининг фаолияти ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда ҳам ўз аксини топаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Томонлар ҳамкорлигини таъминлаш ва ўзаро алоқа боғлаб туришлари учун “JIZZAX KADASTR” телеграмм канали ҳамда “@Jizzaxkadastr_bot”и ишлаб турибди. Фейсбук, Инстаграмдаги саҳифаларимизда тизим фаолияти, соҳадаги янгилик ва ўзгаришлар кенг ёритиб бориляпти. Энг муҳими, улар орқали исталган шахс тизим фаолиятида кўзга ташланаётган ҳар қандай муаммо ёки коррупцион ҳолатлар ҳақида хабар бериши мумкин. Келтирилган мулоҳазаларга ҳамоҳанг тарзда вилоят кадастрчиларининг тобора ортда қолаётган 2023 йилда амалга оширган ишлари ҳақида қисқача маълумот бериш мақсадга мувофиқ бўлади.
Буни жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига ер ва кадастр назорати борасида тизимли равишда амалга ошириб борилган мониторинг ишлари натижаларида ҳам кўришимиз мумкин. Жумладан, ушбу хизматларнинг туман (шаҳар) бўлимлари саъй-ҳаракати билан вилоят бўйича жами 1043,0961 гектар майдонда 2000 та ноқонуний ҳаракатлар амалга оширилгани аниқланди. Масалан, 408 дан зиёд ҳолатда ёки умумий 14,5 гектарда ўзбошимчалик билан уй-жой ва нотурар-жой бинолари қуриб олингани маълум бўлди. Шунингдек, рухсат олмасдан туриб кўп йиллик дарахтзорлар барпо этилиши, балиқчилик учун ҳавза барпо этиш, ер майдонларидан бошқа турли ноқонуний мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари кўзга ташланди.
Аниқланган ушбу ҳолатларнинг барчаси бўйича юридик ва жисмоний шахсларга ноқонуний эгаллаб олинган ерларни қайтариш ва қурилмаларни бартараф этиш бўйича огоҳлантириш хатлари чиқарилди. 2,2 гектар майдондаги 101 та ноқонуний ҳолат қонуний ечим топди. Бартараф этилиши кечикаётган ҳолатлар борасида эса, маҳаллий ҳокимликлар ва ҳуқуқтартибот идораларига тақдимномалар киритилди. Кадастр хизматлари фаолияти давомида ҳуқуқий ҳужжати бўла туриб, тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритиб келаётган 2154 та жисмоний ва юридик шахслар ҳам борлиги маълум бўлди. Уларга нисбатан 2 млрд 160 минг сўмлик маъмурий жарималар қўлланилди.
Кўриниб турибдики, кадастр соҳасида ҳам очиқлик, шаффофлик бўлиши шарт. Зеро, очиқлик орқали соҳавий масъул шахсларнинг ўз вазифаларига бўлган масъулияти кескин ошади. Бу эса ўз-ўзидан соҳадаги ривожланишга хизмат қилади.
Нодир СИДИКОВ,
Кадастр агентлиги
вилоят бошқармасининг бошлиғи.