“Инсон ўзининг фикрлаш қобилияти, маънавият дунёси билан тирик”. Бу фикрларни мен ҳар куни адабиёт дарсимда ўқувчиларимга бот-бот такрорлашдан чарчамайман.
–Хўш, биз инсонлар маънавий озуқани қаердан оламиз ўзи?, –савол бераман ўқувчиларимга.
–Китобдан…,–жўр бўлиб жавоб беришади улар.
Дарҳақиқат, бирорта санъат турини телевидение ва радио, замонавий компьютерлар имконияти ва афзалликларини инкор қилмаган ҳолда айтиш мумкинки, буларнинг ҳеч бири китоб ўрнини боса олмайди. Айниқса, бадиий китоблар ҳар бир кишида инсоний фазилатларини кучайтиради, дунёқарашини кенгайтиради. “Ўзимдаги барча яхши хислатларим учун китобдан миннатдорман”, деган эди ўз давридаги алломалардан бири. Афсуски, бугунги кунда орамизда бу бебаҳо маънавий бойликдан баҳраманд бўлиш ўрнига ресторан, кафе, кўнгилочар марказларда вақтини беҳуда ўтказаётган ёшлар учраб туради. Қанчадан қанча китоблар, китоб жавонлари ва дўконларида шунчаки кўргазма сифатида турибди. Нега шундай? Нима учун китоб ўқимай қўйяпмиз?
Тўғри, техника асри даврида яшаяпмиз, кундан-кунга электрон воситалар тараққийлашиб, уларга бўлган эҳтиёж ортиб бормокда. Хусусан, қўл телефонлари, турли интернет тизимини бунга мисол қилишимиз мумкин. Бунга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Лекин айрим ёшлар берилган имкониятлардан унумли фойдаланиш ўрнига, ижтимоий тармоқлардаги кўнгилочар ўйинлар, танишувлар, ёшлар онгини заҳарловчи сайтларга кириб, у ердаги маълумотлар билан танишмоқдалар. Бунинг оқибатида уларнинг дунёқараши бир томонлама бўлиб қолмоқда.
Қадимда буюк шоир ва ёзувчиларимиз, олимларимиз китобга шу қадар меҳр қўйган эдиларки, ҳатто тунлари шам ёруғида китоб мутолаа қилганлар. Сўз мулкининг султони Навоий Ҳазратлари 7 ёшида Фаридиддин Атторнинг «Мантиқут-тайр» асарини ёд олган, буюк муҳаддисимиз Имом ал-Бухорий ҳазратлари эса олти мингдан зиёд ҳадисни ёд билган. Аммо у даврларда бизга яратиб берилаётган имкониятларнинг бир қисми ҳам бўлмаган. Лекин улар ўз мақсадлари сари интилиб, юксак маънавият соҳибига айланишган. Демак, биз учун берилаётган имкониятдан унумли фойдаланиш ҳар биримизнинг ўзимизга боғлиқ. Тўқликка шўхлик эса ўзбек миллатининг ёшларига хос фазилат эмас. Аслини олганда, айрим ёшларимиз бундай лоқайдликдан йироқ. Улар ўзларининг ҳур фикрлилиги ва юксак маънавияти билан ажралиб туради. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмагани каби инсонлар орасида ҳам маънавий қашшоқ кишилар йўқ эмас. Бундайларнинг лоқайдликлари натижасида “енгил ҳаёт” ихлосмандлари сафи ортиб бормоқда. Шуни унутманг, азиз ёшлар енгил ҳаёт ортидан келган бойликлар умрбод татимайди. Маънавияти саёз, китоб ўқимайдиган инсонлар оиласида тарбия топаётган фарзандлар келажакда баркамол шахс бўлиб улғаймайди.
Муниса НАМОЗОВА,
Жиззах шаҳридаги 6-умумтаълим мактабининг
она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.