Фориш тумани азалдан ўзининг ширин-шакар узумлари билан ном қозонган. Бугунги кунда ҳам узумчилик туман қишлоқ хўжалигининг муҳим ва истиқболли йўналишларидан бири ҳисобланади.
Кейинги йилларда туманда узумчиликни янада ривожлантириш, янги ва серҳосил узум навларини яратиш, мавжуд токзорлар ҳосилдорлигини ошириш ҳамда етиштирилаётган маҳсулотлар сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар туфайли ҳар бир деҳқон ва боғбон янги ташаббуслар билан майдонга чиқмоқда.
“Оқтепа” МФЙ ҳудудидаги Ёмчи қишлоғида яшовчи, моҳир томорқачи Ибрат Саидов хонадонида республика Фермерлар кенгаши ташаббуси билан узумчиликни ривожлантириш ва тўқсонбости экинларини экиш бўйича кўргазмали амалий семинар ташкил этилди.
Ибрат ака ўз фаолиятининг мақсад ва натижалари ҳақида шундай дейди:
—Мен бу иш билан кўп йиллардан буён шуғулланиб келаман. Асосий ниятимиз ва олдимизга қўйган катта мақсадимиз — етиштираётган сифатли ток кўчатларимизни бутун республика бўйлаб тарқатиш, шунингдек, юртимиз иқлимига мос янги, серҳосил навларни яратишдир. Бугунги кунга қадар томорқа хўжалигимизда узумнинг 28 хил навига мансуб қарийб 120 минг тупдан ортиқ соғлом ва сифатли кўчатларни етиштиришга эришдик. Келажакда бу ишларни янада кенгайтириб, боғбонларимизга сифатли кўчат етказиб беришни давом эттирамиз.
Семинарнинг асосий мақсади узумчилик тажрибасини оммалаштириш, хонадонларда ердан самарали фойдаланиш ва тўқсонбости экинларидан сифатли ҳосил олишни таъминлашдан иборат.
Бу каби илғор ташаббуслар нафақат Фориш узумларининг довруғини янада ошириш, балки аҳоли даромадларини кўпайтириш, янги иш ўринларини яратиш ва туманнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилади.
Рашид КАРИМОВ.