ЙИЛНИ МУВАФФАҚИЯТЛИ ЯКУНЛАШ УЧУН ВАҚТ БОР

Маълумки, ҳар бир соҳа, шаҳар ва туман ҳокимликлари, корхона ва ташкилотларнинг йил давомида амалга оширилиши кўзда тутилган муҳим вазифалари, режалари бўлади. Ана шу режалар бевосита вилоят иқтисодиёти ривожига маълум маънода таъсир кўрсатади.

2023 йилнинг якунланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Вилоят ҳокими Эргаш Салиев бошқариб борган йиғилишда барча соҳалар бўйича белгиланган режаларнинг бугунги кундаги кўрсаткичлари муҳокама қилинди.

— Айни дамларда амалга ошираётган ишларимиз халқимизнинг ҳаққоний баҳосини олади. Лекин вилоят ҳокимлигига тақдим этилаётган маълумотларда одамлар кайфиятига салбий таъсир кўрсатадиган ҳолатлар ҳам борлиги қайд этилган. Ҳали вақт бор, шаҳар ва туман ҳокимлари уларни тегишли вилоят, туман ташкилотлари билан биргаликда бартараф этишлари зарур. 2023 йилни ёруғ юз билан кузатиб, кириб келаётган Янги йилни янги режалар, мақсад ва ниятлар билан кутиб олиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаси бўлиши керак, -деди вилоят раҳбари.

Дарҳақиқат, вилоят ҳокими Шароф Рашидов туманида айрим ички йўлларни таъмирлаш, асфальт, шағал ётқизиш ишлари охирига етказилмаганлигини, Пахтакор туманида аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш, мактаб, боғча ва соғлиқни сақлаш муассасаларига тарқатилган кўмирнинг сифатсизлиги туфайли иситиш талаб даражасида эмаслигини, электр таъминотида узилишлар кўп бўлаётганини таъкидлади.

Шунингдек, Зафаробод туманида табиий газ босими пастлиги, Мирзачўл туманида йўллар таъмири, Зарбдордаги кўп қаватли уйларда оқова сувларининг чиқиб кетишида, Форишда қишлоқ аҳолисини суюлтирилган газ баллонлари етказиб беришда ва кўмирнинг сифатсизлиги туфайли 17 та маҳаллада муаммолар борлиги, Зоминдаги маҳаллаларда ҳам суюлтирилган газ, кўмир сифатсизлиги билан боғлиқ камчиликлар мавжудлиги қайд этилди.

Йиғилишда маданият ва санъат олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқув контракт пулларини тўлаб бериш масаласи муҳокама этилди. Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 25 декабрда ўтказилган йиғилишда бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, шаҳар ва туман ҳокимларига вазифалар белгилаб берилган эди. Вилоят ҳокими Президент топшириғини бажаришда сусткашликка йўл қўяётган ҳокимларни огоҳлантирди.

Вилоят ҳокими макроиқтисодиёт кўрсаткичларига тўхталиб, саноат ва ҳудудий саноат ишлаб чиқариш, истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш, қурилиш пудрат ишлари, капитал қуйилмалар, чакана савдо, қишлоқ хўжалиги, маҳаллий бюджет параметрларининг бажарилиши кўрсаткичларини таҳлил қилиб, аксарият соҳалар бўйича ўсиш таъминланганига урғу берди. Шаҳар ва туманлар кесимида таҳлил қилиб, Жиззах шаҳри, Фориш, Пахтакор, Зафаробод туманларида кўрсаткичлар қониқарли эканлигини, лекин бошқа туманларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш паст даражада эканлигини танқид қилди.

Жорий йилнинг январь-декабрь ойларида вилоятимизда ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 33,1 трлн. сўм бўлиб (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 104,5 фоиз), ўсиши кўтилмоқда.

Бунда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 21,4 трлн. сўмга (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 107,5 фоиз), қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 24,8 трлн. сўмга (103,4 фоиз), хизматлар кўрсатиш соҳасинининг ҳажми 9,6 трлн. сўмга (109,0 фоиз), қурилиш пудрат ишлари ҳажми 3,8 трлн. сўмга (104,2 фоиз) бажарилиши кутилмоқда.

Йиғилишда киритилган инвестиция ҳисобига янги корхоналар ташкил этиш ва янги иш ўринлари яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятда 2023 йилда умумий қиймати 1026,2 млн. долларлик
709 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, 11268 та янги иш ўринлари яратилди. Жумладан, саноат соҳасида умумий қиймати 620,1 млн. долларлик 137 та лойиҳаларда 5222 та янги иш ўринлари, хизмат кўрсатиш соҳасида умумий қиймати 186,3 млн. долларлик 396 та лойиҳаларда 3365 та янги иш ўринлари, қишлоқ хўжалиги соҳасида умумий қиймати 219,8 млн. долларлик 176 та лойиҳаларда 2681 нафар янги иш ўринлари яратилди.

Вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш энг долзарб вазифалардан ҳисобланади. 2023 йилда вилоятда фаолият кўрсатаётган экспорт қилувчи короналар томонидан  йил якуни билан 210 млн. доллар экспорт ҳажмлари бажарилиши кутилмоқда. 2022 йилга нисбатан 105,3 фоиз ўсиш кўзда тутилмоқда.

Экспорт ҳажмининг 179,8 млн. доллари саноат маҳсулотлари ва 30,2 млн. доллари қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари ҳисобига тўғри келади.

2023 йилда экспорт қилувчи корхоналар олдида турган 250 дан ортиқ муаммолар Ҳукумат комиссияси ва тегишли масъуллар ёрдамида ҳал қилиш чоралари кўрилди. Жорий йилда 31 та корхона биринчи марта экспортга жалб қилиниб, улар томонидан 10,8 млн. долларлик экспорт амалга оширилди.

Вилоят ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорларининг жойларда, ташкилотлар кесимида ижросини, аҳоли мурожаатлари билан ишлашни таҳлил қилди.

Йиғилишда вилоят ҳокими муҳокама этилган масалалар юзасидан шаҳар ва туманлар, тегишли ташкилотлар раҳбарларига топшириқлар берди.

Асад МУСТАФОЕВ.

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *