Ор-номусли халқимиз қадриятлари асосида шаклланган одоб-ахлоқ тамойилларига зид бўлган номақбул вазиятларни ижобий ҳал этилишига қанчалик уринмайлик, маънавий тарбия етишмовчилиги ўзининг кемтик қисмини салбий ҳолатларнинг турли шаклида намоён этаверади. Бу кемтиклик гоҳ ёшларни бебошликларида, гоҳ оилавий ажримларда, гоҳ шахснинг ўзига ёки ўзгаларга шафқатсиз муносабатида акс этаётганини кўриб-билиб турсакда, юзага келган муаммо ҳал этилгач, у яна эътиборимиздан четда қолмоқда.
Ҳа, тушуниш керак, кимдир ўз соҳасида топшириқларининг шунчалар кўплигидан энг зарурларигагина базўр улгурмоқда. Кимдир ҳам ишлашдан, ҳам уй юмушларини бажаришдан доим чарчоқда, яна бошқасининг моддий етишмовчиликлари, саломатлигидаги муаммолари туфайли асаблари толиққан. Булар ҳақда кўп гапириш мумкин. Лекин киши дунёга келибдики, унинг энг асосий инсоний эҳтиёжи яхши тарбия, тарбия, тарбия эканлиги доим уқтирилса-да, барибир бу тушунчага аҳоли орасида биринчи эмас, тўртинчи, бешинчи ёки ундан ҳам кейинги масала сифатида қаралмоқда.Бугун ахборот хуружи даврида улғаяётган ёшлар кўзгуга қараганида ўзини эмас, ижтимоий тармоқлар орқали онгларига жойланган ёт нигоҳларни кўришмоқда. Бир сўз билан айтганда, телефон ёш авлод учун тарбия кўзгуси сифатида хизмат қилмоқда. Қисқа видеолардаги бемаъниликлар, беҳаёликлар кўра унинг неча марта томоша қилингани ва қанча пост қолдирилгани ёшларни кўпроқ қизиқтирмоқда. Натижада ўша видеолардаги ҳолатларни ўзларида синаб кўриш, жамоат жойларида жоиз бўлмаган ҳаракатларни амалга ошириш баъзилар учун унчалик қийин бўлмай қоляпти.
Яқинда Пахтакор туманидаги бозор ёнида, қатор дўконлар жойлашган, одамлар гавжум бўлган катта кўчада ярим-яланғоч кийимни кийиб, бемалол юрган аёлнинг видеоси тарқалди. У тегишли тартибда сўроққа тутилганида, қайсидир салондаги аёл шундай қилишини айтганлигини билдирди. Суриштирув натижаларида жамоат жойида беодоблик қилган “қаҳрамон” аёл яқинда бошқа вилоятлик йигитга турмушга чиққанлиги, бироқ келин бўлган хонадонида бир ой ҳам яшамай Жиззахга келганлиги аниқланди. Вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси кўмагида аёлнинг эри чақиртирилди, тушунтириш ишлари олиб борилди ва улар келин-куёв бўлиб яшашлари лозим бўлган уйларига қайтишди.
Бу ижтимоий тармоқларда томоша қилинаётган ҳолатларнинг мингдан бири эканлиги ҳаммамизга маълум. Оилаларда тарбия аҳамиятини биринчи ўринга қўймас эканмиз, бундай томошалар кун ва соат сайин кўпайиб, ёшларни ўз домига тортиб бораверади. Шундоғам ҳозирги вақтда ажрим ёқасига келиб қолган оилаларга қараб туриб, эру хотин ўртасида ўзаро ҳурмат, айрилиқдан ўксиниш, кўпчиликдан уялиш, дилхираликлардан ҳайиқиш, гўдаклари тақдиридан ҳавотирланиш йўқлиги кўпчиликни ўйлантирмоқда.
Шу ўринда айтиш жоизки яқинда вилоятимизда ўтказилган “Долзарб 10 кунлик” тадбирлари доирасида 833 та нотинч оилалар билан суҳбатлар ўтказилди. 544 та оила соҳиблари муросага келтирилиб яраштирилди. 289 та оилани яраштиришнинг имкони бўлмади. 423 та нотинч оилаларни ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг “Оила институтини янада ривожлантириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан никоҳланувчи ёшларни ўқув машғулотларига қамрови оширилди. “Долзарб 10 кунлик”да 186 нафар ёшлар “Ёш келин-куёвлар” мактабида ўқитилди.“Ёш келин-куёвлар” мактабига масъул бўлган имом хатиб, психолог, тиббиёт ходими, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари томонидан “Оилавий ҳуқуқий муносабатлар”, “Оилавий турмуш психологияси”, “Репродуктив саломатлик асослари”, “Иқтисод ва оила бюджети”, “Ота-оналикнинг ижобий кўникмалари” каби мавзуларда, маънавий-аҳлоқий қадриятлар ҳақида 39 та дарс машғулотлари ўтказилди. Ўрта ва ёш авлод вакиллари онгида маънавий бўшлиқ ҳосил бўлишлигини олдини олиш, аёлларнинг ўзлари истаган йўналишда таҳсил олишларига шароит яратиш, касб-ҳунарга ўқитиш, моддий барқарорликка эришишларини қўллаб-қувватлаш ишлари тизимли йўлга қўйилган. Шундай экан, мамлакатимизда яратилган кенг кўламли имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳар биримиз шахсий-маънавий ривожланишга, ёшлар тарбиясига кўпроқ эътибор қаратишга бурчли эканлигимизни бир лаҳза ҳам унутмаслигимиз лозим.
Гулнора НОРМУРОДОВА,
вилоят ҳокими ўринбосари, Оила
хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи.