Мамлакатимиз Қуролли Кучларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда қўшинларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш билан бир қаторда ҳарбийларнинг оилалари учун муносиб яшаш шароити яратиб беришга ҳам катта эътибор берилаяпти. Байрам арафасида Бахмал туманида хизмат бурчини адо этаётган ҳарбийлар учун 25 та янги хонадон қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан байрам арафасида ташкил этилган тантанали тадбирда вилоят ва туман раҳбарлари, ҳарбий қисм қўмондонлиги, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Салиев, ҳарбий қисм командири, полковник Азизбек Солиев, “Музбулоқ” МФЙ раиси Салоҳиддин Нурмановлар ҳарбийларни кириб келаётган Янги йил байрами ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан самимий табрикладилар ва ҳарбийларга янги хонадонларнинг калитларини топширдилар.
Маросимда Ватанимиз тинчлигини таъминлашда олдинги қаторда турувчи чегарачилар ва уларнинг оилаларига кўрсатилган бу каби ғамхўрликлар келгусида сарҳадларимиз қўриқчиларининг хизматларини янада самарали олиб боришларида муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Уй-жойларни қуриш ишлари “Мега Гранд Монтаж” МЧЖ қурувчилари томонидан амалга оширилди. Шинам ва кўркам хонадонлар зарур коммуникация тармоқларига уланган.
Ҳудудда хонадонлардан ташқари ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари учун ҳам бир қатор қулай шароитлар яратилди. Болажонлар учун ўйин майдончаси ташкил этилди, тумандаги 18-сонли ДМТТда 24 ўринли қисқа муддатли гуруҳ фаолияти йўлга қўйилди.
Тадбир қатнашчилари янги уйларда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар ва хонадон соҳибларига ўзларининг Янги йил тилаклари ва эзгу истакларини билдирдилар.
Умирзоқ ҲАМДАМОВ,
Васил ИЛЁСОВ.