УЛАР ЯНГИ ЙИЛНИ ИШ ЖОЙЛАРИДА КУТИБ ОЛИШДИ

 Янги йил биз учун кўпроқ оилавий байрам, уни оила аъзоларимиз билан кутиб олиш ҳаётимиздаги энг бахтли лаҳзалардан биридир. Биз соат милларининг 24:00 га бонг уришини шодон кутаётган, тўкин дастурхон атрофида дилбанду яқинларимиз билан вақтихушлик қилаётган вақтимизда айрим касб эгалари иш жойларида сергак ва огоҳлик ила ўз хизмат вазифасини бажараётган бўлади. Чегарадаги ҳарбий, жамоат тартибини сақлашга масъул ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари, махсус хизматлар, соғлиқни сақлаш, ёнғин хавфсизлиги ва қутқарув хизмати ходимлари… Улар ҳам инсон, уларнинг ҳам оиласи, яқинлари, оилавий қадриятлари бор – аммо танлаган касби, эл-юрт олдидаги бурчи ва виждон амри уни постда, хизмат жойида қолишини тақозо этади.

Қуйида 2024 йилни иш жойида кутиб олган, Янги йил оқшомида айрим юртдошларимизнинг корига яраган ҳамда йилнинг илк дақиқасини иш билан бошлаган соҳа вакиллари ҳақида ҳикоя қиламиз.

 

Call-марказ. РТТЁМ Жиззах филиалида фуқаролардан тушадиган чақириқларни қабул қилиш мақсадида  ташкил этилган Cаll марказда 108  нафар диспетчер ишлайди. Байрам оқшомида 22 нафар ходим иш ўрнида бўлишди. Уларнинг икки нафари навбатчи шифокор, 18 нафари навбатчи диспетчер ва икки нафари навбатчи кичик ходим.

–  Тизим жорий килингандан бери марказ диспечерлари томонидан 539 115 та, психатрик бригадага 893 та чакирув қабул қилинган, – дейди Cаll марказ бўлими бошлиғи Зафар Аҳмеджонов. – MEDDATA тизимига асосланган иш тартиби чақириқларнинг ўз вақтида бажарилиши ва  ходимларнинг ишга бўлган муносабатини тубдан ўзгартирди. Йилнинг ҳар бир сониясида марказ ходимлари чақирувларни қабул қилиб, уларни йўналтиришга шай. Янги йил оқшомида ҳам барча мурожаатлар навбатчи шифокорлар Д.Қодиров, Ф.Ғуломов, диспетчерлар Ф.Иргашева, Л.Аҳмадова, Ю.Адилова каби фидойи ходимлар томонидан ўз вақтида манзилига йўналтирилди.

 

Тез тиббий ёрдам хизмати.  Жиззах шаҳар тез тиббий ёрдам станциясининг навбатчилик гуруҳи байрам куни ҳам хонадонларда бўлиб, беморларга тезкор ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатишди.

2023 йил 31 декабрь санасида шифокорлар Б.Жўрақулов, Г.Бултакова,  фелдьшерлар  Д.Муродова, Э.Ғуломовлар сменада бўлиб, чақирувларга тезкорлик билан жавоб қайтаришди.

-Оммавий байрамлар чоғида станциямиз ходимлари ҳар доимгидан-да масъул ва сергак бўладилар, – дейди Жиззах шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси мудири Шуҳрат Эшмаматов. – Бундай вақтларда кўпроқ тажрибали ходимларни навбатчиликка қўйишга ҳаракат қиламиз. 103 хизмати аҳолига  ёрдамга доим шай.

 

Куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасида фаолият олиб бораётган вилоят бош штаби. Ушбу штаб вилоят ҳокимининг топшириғига асосан 2023 йилнинг 19 сентябридан иш бошлаган. Унда 16 нафар штаб аъзоси аҳолидан инфратузилма билан боғлиқ шикоятларни қабул қилиш ва уларга тезкорлик билан ечим топиш мақсадида туну кун ишлайди. Штаб аъзолари Янги йил оқшомида ҳам постда сергак турдилар. Айтиб бўладими, қаердадир газ босими ошиб кетиши ёки сув қувури ёрилиб кетиши мумкин-ку. Электр таъминоти бўйича Дилшод Саидов, газ таъминоти бўйича Раҳматулла Тўйчиев каби 16 нафар турли соҳа вакиллари байрам кайфиятига техник муаммолар соя солмаслиги учун 2024 йилни штабда қарши олишди.

Фавқулодда вазиятлардаги хизматлар. Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ёнғин-қутқарув отряди шахсий таркибида 15 нафар қутқарувчи хизматга шай ҳолда 31 декабрдан 1 январга қадар навбатчиликда туришди.

-Байрам оқшоми ҳам тасодифларга тўла. Кўп йиллик иш тажрибамда бунга бир неча бор  гувоҳ бўлганман, – дейди қутқарувчи Ҳаёт Исоқов. – Ҳар қандай вазиятда ҳам 050 хизмати ёрдамга шай эканлигини эслатган ҳолда, хонадонингиз, иш жойларингизда техник хавфсизлик қоидаларига ҳамиша риоя этишингизни сўраб қоламан.

 

Шу куни жиззах шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими 1-2 Ҳарбийлаштирилган ёнғин қутқарув қисмларида ҳам 15 нафар қутқарувчи постда сергак туришди. Ҳ.Гаппаров, А.Анарбоев, Ш.Қудратов, О.Эргашев ва бошқалар 2024 йилни хизмат кийимида кутиб олишганини тарихга муҳрлаш учун жамоавий суратга тушдилар.

 

Зойир ЭРГАШЕВ,

Муқаддас САПАРОВА.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *