Тўғрисини айтиш керак. Қачонлардир ҳамма каби ҳаёт кечирган, орзулари, режалари бир олам бўлган, бошига тушган оғир синовлар, турли сабаблар туфайли ногирон бўлиб, ўзини қайтадан тиклаш куч топа олган инсонларнинг матонати, кучли иродаси ҳамиша тўрт муччаси соғларни ҳайратга солиб келади. “Наҳотки…” дея ажабланамиз. Ўзининг мустаҳкам иродаси, интилиши ва изланиши туфайли ҳаётда катта ютуқларга эришаётган шундай инсонлардан бири—иқтидорли таэквандочи, Осиё чемпионати совриндори, IV Пара Осиё ўйинларининг бронза медали соҳиби Асад Анваровдир.
Тан олиб айтишим керакки, биз мавҳум деб тасаввур қилган ирода, матонат, шижоат каби тушунчаларни болалигида бир қўлининг деярли ярмини тегирмон арраси юлиб кетган Асад Анваров ҳаётидаги оғир синовлар унинг иродасини буколмади.
Шароф Рашидов туманидаги Раваллиқ маҳалласида Асад тенгдошлари қатори илм ўрганди, дастлаб 11-сонли, сўнгра 23-сонли мактабларда таҳсил олди. Спортнинг кўплаб турлари билан шуғулланди. Устози Нурали Акрамов ундаги иқтидорни пайқади, шекилли, унга кучини таэквандода синаб кўришни таклиф қилди. 2019 йилда мураббийлар Нурали Акрамов ва Ғайрат Каримов қўл остида таэквандо (WTF) билан шуғуллана бошлади. Ота-онаси Асрор ака билан Шоҳида опа унинг таэквандо билан шуғулланишига қаршилик кўрсатишмади, аксинча ҳар томонлама қўллаб-қувватлашди.
Иқтидорли спортчи тез орада кўзга кўринди. 2022 йилда Ўзбекистон чемпионатида у кумуш медалга сазовор бўлди ва терма жамоа сафига қабул қилинди. Эронда бўлиб ўтган “Президент кубоги” мусобақасида шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди. Дубай шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида кумуш медални қўлга киритди. Въетнамда ўтказилган Осиё чемпионатида бронза медали билан тақдирланди.
Ёш спортчи учун 2023 йил омадли келди. Дастлаб Туркияда бўлиб ўтган “Туркия опен” турнирида кумуш, Корея очиқ чемпионатида олтин медалларга сазовор бўлди. Ливанда ўтказилган Осиё чемпионатида ва Тайванда бўлиб ўтган “Гран при” мусобақасида кумуш медаллар насиб қилди.
Жорий йилнинг 22-28-октябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида IV Пара Осиё ўйинлари бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Ўзбекистон делегацияси 25 та олтин, 24 та кумуш ва 30 бронза, жами 79 та медалларни қўлга киритиб, медаллар сони бўйича ўз тарихидаги энг яхши натижани янгилади. Пара таэквондо бўйича эркаклар ўртасида +81 кг. вазн тоифасида Асад Анваров бронза медалига сазовор бўлди.
—Устозларимдан бениҳоя миннатдорман, —дейди Асад.—Улар менинг маҳоратимни ошириш учун кўп меҳнат қилишди. Бундан ташқари, Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари
Бобур Қўзиев ва Умматқул Жўраевларнинг ҳам эришган ютуқларимда ҳиссаси катта. Тўғрисини айтсам, спорт билан шуғулланиб кам бўлганим йўқ. Ғолиб бўлганимда, Ўзбекистон байроғи баланд кўтарилганда шундай фахрланаманки, асти қўяверасиз. Яқинда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетининг таэквандо ва спорт фаолияти факультетини битирдим. Айни пайтда мамлакат терма жамоаси сафида машғулотларда қатнашаяпман. 2024 йилда Франциянинг Париж шаҳрида бўладиган паралимпия ўйинларида қатнашиш ниятидаман.
Қийинчиликлардан чўчимаслик керак, тинимсиз меҳнат эвазига ютуқларга эришганман. Албатта таэквандо спортида жароҳатлар ҳам бўлади. Машғулотларнинг бирида қўлимнинг суяги синиб қолди. Жароҳатнинг тузалиши қийин кечди. Оёққа тургач, яна машғулотларга қатнай бошладим, оғриқларни енгишга тўғри келди. Ҳозир қўлим тузалиб кетди. Аввалгидек жанг қилишга қодирман.
—Сизга ҳавас билан қараётган тенгдошларингизга нима деган бўлардингиз?
—Ҳаёт тасодифларга тўла. Ҳеч ким турли жароҳатлардан кафолатланмаган. Мендек ҳаётда бошидан оғир синовлар ўтиб, ногиронлиги бўлган шахсларга, тенгдошларимга спорт билан шуғулланишни тавсия қилардим. Агар мен спорт билан шуғулланмасам шундай ютуқларга эришармидим?! Бизларга яратилган шароитлардан, берилаётган имтиёзлардан ниҳоятда хурсандман. Мамлакатимиз Президентига, вилоятимиз раҳбарларига ўз ташаккуримни билдираман. Яқинда яна бир ҳурмат ва эътирофга сазовор бўлдим. Вилоятимиз марказидаги “Беш ташаббус” аренасининг очилиш маросимида вилоят ҳокими Эргаш Салиев мени Пара Осиё ўйинларида эришган ғалабам билан табириклаб, пул мукофоти билан тақдирладилар. Қувончим ичимга сиғмай кетди, янги-янги ғалабалар сари руҳландим.
—Сизни ва ота-онангизни, барча спортчиларни, спортсеварларни Янги йил билан самимий муборакбод этамиз ва 2024 йили Парижда ўтадиган паралимпия ўйинларида муваффақиятлар тилаймиз. Омад Сизга ҳамиша ёр бўлсин!
Васил ИЛЁСОВ.