Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 январдаги “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори ёшларни жисмоний соғлом, ҳар томонлама ривожланган баркамол инсонлар этиб тарбиялашда муҳим ҳужжат бўлди. Агар диққат билан таҳлил қилинса ўтган етти йилда ёшлар ҳаётига тааллуқли кўплаб муҳим ҳужжатлар қабул қилинганини билиш қийин эмас.
Давлатимиз раҳбари халқимизга Янги йил табригини йўллар экан, 2024 йилни “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланганини эълон қилди. Демак, жорий йилда ёшларга бўлган эътибор янада кучаяди, тадбиркорлик, бизнесни ривожлантириш йўлида янги қадамлар ташланади.
Юртимизда мустақиллик йилларида ёш авлод камолоти, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Ўғил-қизларни ҳар томонлама етук, билимли, салоҳиятли шахс, комил инсон сифатида тарбиялаш масаласига ўзига хос тарзда, замонавий усуллар асосида ёндашилмоқда, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари тизимли равишда такомиллашиб бормоқда. Бугун мамлакатимиз ёшлари томонидан эришилаётган улкан ютуқлар замирида ёшлар тарбияси, таълими, умуман, кадрлар тайёрлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилгани мужассам. Мамлакатимизда ёшларга берилаётган эътибор, уларга давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик миқёси йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.
Бу борада вилоятимизда ҳам кўзга кўринарли ишлар амалга оширилди. Хусусан, вилоятимиздаги барча маҳаллаларда Ёшлар етакчилари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 189 нафари 30 ёшгача, 184 нафари олий, 81 нафари тугалланмаган олий маълумотга эга.
Вилоятда ёшларнинг, айниқса мактаб битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан, 22 543 нафар ёшлар “Бандлик дастури” доирасида қамраб олинди.
Шундан, 16 487 нафар мактаб битирувчиларининг 6 146 нафари олий таълимга ўқишга қабул қилинган бўлса, 2 088 нафари профессионал таълимга ўқишга қабул қилинди. Таълимга қамраб олинмаган жами 8 253 нафар мактаб битирувчиларидан бугунги кунда 7995 нафари, яъни 97 фоизининг бандлиги таъминланди.
Хатлов ва ўрганишлар натижасида “Ёшлар дафтари” электрон платформасига 20 074 нафар ёшлар киритилди. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2023 йил 12 декабрь ҳолатига 16 284 нафар (81,2%) ёшларга амалий ёрдам кўрсатилди.
2023 йилнинг март-июнь ойлари давомида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг 1-мавсумида стол тенниси, шашка, енгил атлетика, стритбол, стритворкаут спорт мусобақалари, киберспорт, рақс, тикувчилик, қандолатчилик, ошпазлик, ҳунармандчилик ва сартарошлик танловларининг маҳалла-сектор-туман-вилоят босқичлари ўтказилиб, 160 596 нафар ёшлар қамраб олинди. Май-июнь ойларида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг ҳудудий босқичи ўтказилиб, спорт мусобақалари ёшлар рақс фестивалида 1 675 нафар ёшлар иштирок этди. Ғолибликни қўлга киритган 400 нафарга яқин иштирокчилар муносиб рағбатлантирилиб, Республика босқичида иштирок этди.
Ёшлар билан ишлаш юзасидан 2024 йил режалари ҳам белгилаб олинмоқда. Биринчи навбатда вилоятимиз аҳолисининг асосий қисмини ташкил этувчи ёшларни доимий иш билан таъминлаш энг муҳим вазифаларимиздан бўлиб қолади. 5 573 нафар ёшларни “Ёшлар бандлик дастури” орқали қамраб олиб, 983 нафар ёшлар доимий иш ўринларига, 814 нафар ёшларни касб-ҳунарларга ўқитиш, 392 нафар ёшларни тадбиркорликка ўқитиш, 509 нафар ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, 717 нафар ёшларга субсидия ажратиш, 620 нафар ёшларга ер майдони ажратиш, 854 нафар ёшларга кредит ажратиш, 684 нафар ёшларни янги яратиладиган иш ўринларига жойлаштириш режалаштирилган.
Умумий ўрта таълим ва касб-ҳунар мактаблари битирувчилардан 2 352 нафарини доимий иш билан таъминлаш, 1616 неафарини касб-ҳунарларга ўқитиш, 581 нафарига тадбиркорлик асослари бўйича билимлар берилади.
Шунингдек, 778 нафар ёшлар замонавий касбларга ўқитилади, 529 нафар битирувчиларга субсидия ажратилади. 398 нафар ёшларга ер майдонлари ажратиш, 795 нафарига кредитлар ажратилиши ва 1363 нафар битирувчи ёшларни янги яратиладиган иш ўринларига жойлаштириш режалаштирилган.
Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида ҳам ёшларимиз давлатимиз ғамхўрлигини доим ҳис этиб туришади.
Нуриддин ХОЛМАТОВ,
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутати,
Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси.