Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш — бу шунчаки одамларни санаш эмас, балки мамлакатнинг келажагини режалаштириш учун асос бўладиган муҳим стратегик тадбирдир. У қуйидаги асосий мақсадлар учун керак:
Биринчидан, ижтимоий ва иқтисодий режалаштириш. Рўйхатга олиш орқали аҳолининг аниқ сони, ёши, жинси, миллати ва маълумот даражаси ҳақида база яратилади. Бу маълумотлар янги мактаблар, шифохоналар ва боғчаларни айнан қаерда ва қанча миқдорда қуриш зарурлигини аниқлаш имконини беради.
Иккинчидан, бандлик ва даромадларни таҳлил қилиш. Аҳолининг бандлик ҳолати, даромад манбалари ва яшаш шароитлари ўрганилади. Бу давлатга ишсизликни камайтириш ва ижтимоий ёрдам дастурларини манзилли (ҳақиқий муҳтожларга) етказишда ёрдам беради.
Учинчидан, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги. Ерлардан фойдаланиш, чорва моллари ва паррандалар сони аниқланади. Бу соҳага ажратилаётган йиллик 25,6 триллион сўмлик маблағларнинг самарадорлигини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун зарур.
Тўртинчидан, давлат дастурларининг самарадорлиги. Рўйхатга олиш натижалари ҳудудларни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва бюджет маблағларини тўғри тақсимлаш учун асосий манба бўлиб хизмат қилади.
Бешинчидан, халқаро рейтинг ва инвестициялар. Аниқ статистика мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини белгилайди ва хорижий инвесторлар учун ишончли маълумот манбаи бўлади.
Ўзбекистонда охирги марта умуммиллий аҳоли рўйхати 1989 йилда ўтказилган бўлиб, 2026 йилги тадбир мустақиллик давридаги биринчи тўлиқ рўйхатга олиш бўлади.
Дилшод ТУРМАТОВ,
вилоят статистика бошқармасининг
Ахборот хизмати бош мутахассиси.