“ГУЛБАҲОР”ДА БАҲОР БОШЛАНДИ

Вилоятимиз шаҳар ва туманлари қаторида Арнасойда ҳам йирик ободонлаштириш, қурилиш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш ишлари амалга оширилди. Айниқса, “Оққўрғон тажрибаси” бўйича қилинган ишлар эътиборга сазовордир.

Туман марказини ободонлаштириш бўйича бошланган хайрли ишлар давом эттирилиб, марказий йўллар кенгайтирилди, асфальт ётқизилди, замонавий меъморчилик асосида шинам ва қулай маъмурий, турар жой бинолари қурилди. Ҳамма кўчаларга “Яшил макон” умуммиллий лойиҳа асосида турфа дарахтлар ниҳоллари ўтқазилди.

Вилоятимиздаги бир қатор маҳаллаларни “Обод хонадон, обод кўча ва обод маҳалла” мезонлари асосида ривожлантириш белгилаб олинган. Арнасой туманидаги Гулбаҳор маҳалласи ҳам ана шу лойиҳага киритилган эди. Тўғри,  асосий ишлар баҳор ойларида, кунлар исиб кетганида бошланади. Аммо қишда ёғингарчиликлар камлигидан фойдаланиб, туман ҳокимининг ташаббуси билан лойиҳада белгиланган ишлар ҳозирданоқ бошланиб, жадал суръатларда давом этмоқда.

— Маҳалламиз ўз номига муносиб бўлишини хоҳлаймиз, -дейди фуқаролар йиғини раиси Рустам Норов. – Шунинг учун ёшу-қари биргаликда кўча ва хиёбонларни тозаламоқда. Туманимиз нурчилари электр трансформаторлари, устун ва тармоқлар созлигини текшириб, носозларини алмаштирмоқдалар.

Жумладан, маҳаллада Электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан бир дона трансформатор жорий таъмирланди, 10 кВли кучланишга эга 300 метрли электр энергияси тармоғи таранглаштирилди ва изоляторлари алмаштирилди. Маҳалланинг кириш қисмидаги кўча чироқларининг носозлари таъмирланиб, айримлари янгиланди.

Маҳаллада бошланиб кетган ишларни кўрган туман Ободонлаштириш бошқармаси ишчи-ходимлари ҳам ҳиммат камарини маҳкам боғлаб, маҳалла аҳли сафига қўшилишди. Ободонлаштириш бошқармаси ишчилари оқар сув ариқларини тозалаб, йиғилган чиқиндиларни ташиб кетишмоқда. Кўчалардаги дарахтларга шакл беришмоқда.

— Айни дамларда биз хонадонларга кириб, ҳар бир фуқаро билан суҳбатлашмоқдамиз. Уларга томорқадан самарали фойдаланиш, унинг ҳар қаричидан даромад топиш имкониятлари борлиги тушунтирилмоқда. 2024 йил якунига қадар маҳалламизда битта ҳам ишсиз фуқаро қолмасиги учун ҳаракат қилаяпмиз, -дейди ҳоким ёрдамчиси Наврўз Сайидазимов.

Дарҳақиқат, томорқадан унумли фойдаланиш ҳисобига аҳолига ўзини ўзи банд қилиш ва қўшимча даромад топиш имкониятлари чегараланмаган. 2023 йилда кўплаб ишсиз, кам таъминланган оилаларга бир гектаргача ер майдонлари ажратиб берилди. Арнасойликлар ўтган йиллар тажрибасидан келиб чиқиб, ер майдонларини аукционга чиқариш режаларини белгилаб олишмоқда.

— Уй бекаларига имкони борича шароит яратиб бериш маҳалла фаолларининг доимий диққат марказида турибди, -дейди хотин-қизлар фаоли Барно Нахалова. –Хонадонларни ичимлик суви, газ ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида барча ресурслардан фойдаланяпмиз.

Ҳозирги пайтда 12 та хонадонга қўшимча тарзда суюлтирилган газ балонлари тарқатиш йўлга қўйилди. Маҳалладаги кам таъминланган оилалар турар жойларини ҳомийлик асосида таъмирлаб бериш кўзда тутилган.

Жорий йилда Гулбаҳор маҳалласининг “Обод хонадон, обод кўча ва обод маҳалла” мезонларига мос келиши учун белгиланган режа асосида маҳалладаги 7-сонли умумтаълим мактаби  биноси мукаммал таъмирланади. 2,8 чақирим ички йўлларга асфальт ётқизилади, 2,4 км. шағаллаштирилади.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун 1,3 км. янги ичимлик суви тармоғи тортилади. 137 та электр таянч устунлари ва улар орасидаги тармоқлар янгиланади, 2 та янги трансформатор ўрнатилиб, 2 та мавжуд трансформаторлар мукаммал таъмирланади.

Маҳалладаги 2 та кўп хонадонли уйларнинг таъмирланиши, 2 км. ички ирригация тармоқлари қуриш ва таъмирлаш ишлари ҳам йил режасидан ўрин олган.

Аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида1,5 км. пиёдалар йўлаклари қурилади ва мавжудлари таъмирланади, кўчаларга янгидан 20 дона тунги ёритгичлар ўрнатилади. 3 та чиқиндихоналар қуриш ва таъмирлаш, кўчаларга янги типдаги модуллар ва чиқинди қутилари ўрнатилади. Кўча ва хиёбонларга 3500 туп дарахт кўчатларини экиш ҳамда гулзорлар ташкил этиш каби эзгу ишлар кўзда тутилган.

Эндиликда маҳалладаги хонадон эгалари ҳам ғайрат билан ўз уйлари, томорқа деворлари, ёрдамчи биноларни таъмирлаш, ранг бериш, томорқаси ва ўз кўчасига дарахт ҳамда гуллар экишлари лозим. Шунда Гулбаҳор маҳалласи доим баҳордай яшнаб туради.

Асад МУСТАФОЕВ.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *