2023 йилнинг 21 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” Фармони қабул қилинган эди. Фармонда республика, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашларини шакллантириш вазифаси белгилаб берилганди.
Вилоятнимизнинг барча шаҳар ва туманларида маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашларининг ташкилий конференциялари бўлиб, вилоят ташкилий конференциясига делегатлар сайланди.
Маҳаллани қўллаб қувватлаш вилоят конференциясини вилоят ҳокими Эргаш Салиев очиб, маҳаллалар ишини жонлантириш, уларда фаолият кўрсатаётган еттилик ишини мувофиқлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-209-сонли фармонининг мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифалар ҳақида маъруза қилди.
— Ҳоким ёрдамчиси ўз ҳолича, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ўзича иш юритиб бошлади. Аслида маҳалла раиси “маҳалла еттилиги” ишини мувофиқлаштириши, муаммоларга ҳамжиҳатликда ечим топиши лозим эди. Аммо бошбошдоқлик туфайли маҳалла раисининг нуфузи пасайиб кетди, -деди Эргаш Салиев.
Дарҳақиқат, Президент фармонида маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, унинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, маҳалла бошқарувида аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш, ҳар бир фуқаро ўзи ва оиласининг келажаги, молиявий аҳволи ва фаровонлигини таъминлашда масъулиятни сезиши, боқимандаликка ўрганмаслик ҳиссини янада кучайтириш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш масалалари ўз аксини топган.
Шунингдек, фуқароларни ўз уйи ва кўчасини озода сақлашга, миллий қадрият ва урф-одатларни ҳурмат қилишга чақириш, маънавий ва маърифий ишларда маҳалланинг ўрнини кучайтириш, аҳоли ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш чораларини кўриш, «маҳалла еттилиги» томонидан маҳалланинг ички ресурсларини аниқлаш ҳамда уларни ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш учун сафарбар этишда кўмаклашиш, маҳаллалардаги муаммоларнинг ўз вақтида ва самарали ечилишида давлат органлари ва ташкилотларининг маҳаллалардаги вакилларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, мувофиқлаштириш ва йўналтириш, маҳалланинг молиявий имкониятларини ошириш, камбағал оилаларга ажратилаётган бюджет маблағлари ва бошқа маблағларнинг мақсадли ва манзилли йўналтирилишини таъминлаш, маҳаллаларнинг моддий-техника таъминотини яхшилаш, уларга ажратиладиган маблағларни марказлашган тарзда тақсимлаш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, маҳалла масъулларининг малакасини ошириш, уларда замонавий бошқарув кўникмалари шаклланишига кўмаклашиш масалалари назарда тутилган.
Ташкилий конференцияда вилоят Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Иқболой Умарова давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш тўғрисида сўзлади.
Маърузалар юзасидан Пахтакор туманидаги “Оқбулоқ” МФЙ раиси Музаффар Хасамиддинов, Зарбдор туманидан маҳалла раиси Абдували Бозоров, Жиззах шаҳридан маҳалла раиси Шоҳруҳ Аҳрорқулов ва бошқалар фикр-мулоҳазалар билдиришди.
Конференцияда республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашининг ташкилий конференциясига делегатлар сайланди.
Асад МУСТАФОЕВ.