Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши ва антропоген таъсирлар натижасида табиатда йўқолиш хавфи юқори бўлган турлар сони кўпаймоқда. Республикамизда биохилма-хилликнинг инқирозлашуви ҳайвонлар ва ўсимликлар оламида яққол кузатиляпти. “Қизил китоб”нинг дастлабки 1984 йилги нашрида ўсимлик турлари сони 163 тани ташкил этган бўлса, 1998 йилда бу кўрсаткич 301, 2006 йилда 306 ҳамда сўнгги нашрида 324 та турни ташкил этди. 2019 йил чоп этилган республика “Қизил китоб”ига сут эмизувчи ҳайвонларининг 30 тури, қушларнинг 52 тури, судралиб юрувчиларнинг 21 тури, балиқларнинг 17 тури, чувалчангларнинг 3 тури, ҳашоратларнинг 14 тури, бўғим оёқлиларнинг 66 тури киритилган.
Бу табиатни муҳофаза қилишда ачинарли ҳол ҳисобланиб, флора ва фаунаси жуда бой бўлган юртимизда уларнинг аста-секин йўқолиб бораётганини кўрсатади. Йўқолиши арафасида бўлган турларнинг йил сайин кўпайишига асосий сабаблар браконьерлик, муҳофаза қилинувчи ҳудудларнинг камлиги, масъул идораларнинг масъулиятсизлиги, муҳофаза қилинадиган ерлар тўғрисида аҳолининг кам ҳабардорлиги, экологик маданиятнинг етишмаслиги, “Қизил китоб”га кирган ўсимлик ва ҳайвонларнинг яхши ҳимояланмаганлигидир. Ўсимликлар ва ҳайвонлар фақат ҳимояланган ҳудудларда хавфсиз яшай олади. Афсуски, бундай қўриқланадиган ҳудудлар ўлкамизда жуда оз бўлиб, умумий майдоннинг 448,900 км.² ёки атиги 8 % ни ташкил этади.
Бугунги кунда республикамизда 8 та давлат қўриқхонаси – Чотқол, Зомин, Нурота, Ҳисор, Китоб, Сурхон, Зарафшон, Қизилқум, 2 та миллий табиат боғи – Угом-Чотқол миллий табиат боғи, Зомин миллий табиат боғи, 1 та давлат биосфера резервати – Қуйи Амударё давлат биосфера резервати, 13 та давлат буюртмахонаси, 7 та давлат табиат ёдгорлиги ва ҳайвонларни кўпайтиришга мўлжалланган 3 та табиий питомник – Жайрон» экомаркази ҳамда Бухоро ва Навоий вилоятларида жойлашган 2 та йўрға-тувалоқ парваришлаш питомниги фаолият кўрсатмоқда ва уларнинг умумий майдони 2.07 миллион гектарни ташкил этади. Бундан ташқари табиатни муҳофаза қилишга қаратилган 86 та ўрмон хўжалиги бўлиб, уларнинг майдони 11,5 млн. гектарни ташкил этади. Шунингдек, 83 та маҳаллий аҳамиятга эга муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар мавжуд. Ўзбекистонда биохилма-хилликни сақлаш учун атига 13.5 млн. гектар майдон ажратилган.
Муаммони ҳал қилиш учун қўриқхоналар ташкил қилиш, кўпайтиришга эътиборни ошириш зарур. Амалиёт қўриқхоналари мавжуд бўлган давлатларда биохилма-хиллик яхшиланаётганини кўрсатаяпти. Бу борадаги халқаро тажрибани ўрганиб, юртимиз ноёб табиатини асраш мақсадида фойдаланиш ўринли бўлур эди.
Х.МАВЛОНОВ,
профессор,
Д.ИМОМОВА,
доцент (ЖДПУ).