Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20-21 февраль кунлари Миср Араб Республикасига расмий ташрифи доирасида “Nile Sugar” компанияси (“Orascom Investment”) билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида умумий қиймати 400 млн. долларлик қанд лавлаги етиштириш ва шакар ишлаб чиқариш йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилган эди.
Лойиҳага кўра Ғаллаоролда 50 минг гектар лалми майдон ўзлаштирилиб, сув тежамкор технологиялар асосида қанд лавлаги етиштириш, 100 гектарда кунлик қуввати 12 минг тонна қанд лавлагини қайта ишловчи, йилига 200 минг тонна шакар ишлаб чиқарувчи завод барпо этиш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳа доирасида 2 минг нафар доимий ва 10 минг нафар мавсумий иш ўринлари яратилиши режалаштирилмоқда.
Мазкур инвестиция лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида ўтган йилнинг 17-21 июль кунлари мисрлик компания вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилди.
Ташриф давомида компания вакилларига лойиҳа доирасида таклиф этилаётган ер майдонлари, инвестиция киритиш шартлари ва имтиёзлари, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси бўйича батафсил маълумотлар билан таништирилди.
Жумладан,2023 йил 18 июлда Жиззах вилояти ҳокими билан учрашув ташкил этилди. Шунингдек, Ғаллаоролда фаолият юритаётган “Саг агро Ғаллаорол” МЧЖ томонидан 800 гектар майдонда сув тежамкор технологияларини жорий этган ҳолда барпо этилган ёнғоқзор билан таништирилди.
Шу билан бирга, лойиҳани амалга ошириш учун таклиф этилаётган Ғаллаорол туманидаги 50 минг гектар лалми ер майдонида қанд лавлаги етиштириш имкониятларини жойига чиққан ҳолда меҳмонлар иштирокида ўрганилди, таҳлил учун тупроқ ва сув намуналари олинди.
—Ташриф якунига кўра компания томонидан “Хонимқўрғон” МФЙ ҳудудидан 120 гектар лалми ер майдони шакар ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш учун танланди ва компания вакиллари томонидан 20 минг гектар лалми майдонда ер ости сувларидан фойдаланган ҳолда қанд лавлаги етиштиришни йўлга қўйишга қизиқиш билдирилди,—дейди туман ҳокимининг инвестициялар, саноат ва савдо масалалари бўйича ўринбосари Анвар Бегбутаев.
Маълумот учун, 20 минг гектар лалми майдонда инвестор томонидан ҳамда қолган 30 минг гектарида фермер хўжаликлари билан фьючерс шартномаси асосида хом ашё етиштирилади.
Компания томонидан биринчи босқичда жорий йилда Ғаллаорол туманида 80 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар асосида қанд лавлагинининг турли навларини синов тариқасида етиштириш бўйича келишувга эришилди.
Шу билан бирга, жорий йил якунига қадар лойиҳанинг техник иқтисодий кўрсаткичлари ишлаб чиқилади, экин ер майдонлари ҳолати ва ер ости сувларидан фойдаланиш имкониятлари ўрганилади ҳамда инвестиция шартномаси шартлари ишлаб чиқилиб, икки томонлама келишилади.
Ўтган йилнинг декабрь ойида республика қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари ҳамда Ғаллаорол тумани ҳокими Жалолитдин Оқбоев ва туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Акбар Холбоевлардан иборат делегация мазкур истиқболли лойиҳани жадаллаштириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Мисрда бўлиб қайтишди.
Зоир ЭРГАШЕВ.