Дунёда эътироф деган юксак баҳо борки, бу баҳога ҳамма ҳам сазовор бўла олмайди. Ушбу сўзнинг тошу-тарозуси ҳам оғир. Мазкур баҳога муносиб деб топилган инсон ҳаётда ўзининг ақлий, илмий, маънавий, инсоний, ижодий ташкилотчилиги, ташаббускорлиги ва бошқа жиҳатлари билан тан олиниши, ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлиши лозим. Холбой Ибраимов ҳақида гап кетганда бизнинг кўз ўнгимизда ҳар томонлама юксак эътирофга лойиқ инсон гавдаланади. Устоз! Муаллим! Мударрис! Мураббий! Бу сўзлар нақадар пурмаъно ва сермазмундир. Бу сўзларни эшитганда қалблар жунбушга келиб, кўнгиллар ёришиб кетади.
Жаҳонда бўлмаса муаллим агар,
Ҳаёт ҳам бўлмасди гўзал бу қадар.
Устоз – софдил, камтарин, маънавий бой, ахлоқан пок инсондир. Устозлар – бутун кучларини, ақл-идрокларини, билим ва зеҳнларини, қалб қўрию меҳрларини шогирдларига бахшида этган заҳматкашлардир. Донишмандлар айтишадики: “Элни маърифат асрайди”. Ҳар қандай жамиятнинг ривожланиши, ҳар бир мамлакатнинг тараққиёти, халқнинг тўкин-сочинлиги, бахтиёр ва обод, тинч ва фаровон яшаши уларнинг илму маърифатга эътибори билан белгиланади. Қаерда илм ва зиё қадрланса, уларнинг эгаларига муайян шарт-шароитлар яратилса, ўша жойда янада ўсиш ва ривожланиш бўлади. Ўзбекистон Республикасида олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинганлиги Президент Шавкат Мирзиёевнинг таълим соҳасига бераётган юксак эътиборидан даракдир.
Маърифат ва зиё юксалса, улуғ кашфиёт қиладиган фидойи олимлар етишиб чиқади. Зеро, олимлар қаерда кўп бўлса, ўша ерда самарали изланишлар, илмий-ижодий ютуқлар пайдо бўлади, ёш шогирдларга нисбатан ўша ерда таълим ҳам, тарбия ҳам бўлади. Таълимнинг яхши йўлга қўйилиши тарбиянинг мазмунини янада мукаммаллаштиради. Илм ва тарбия бериш мақсадида юзлаб ёшларни ўз фарзандидек кўрган талабчан устоз ва фидойи олимнинг эл-юрт орасида, сидқидилдан меҳнат қилган ўз жамоаси ўртасида ҳурмати баланд бўлади, ҳамкасбларининг ҳурмати чексиз, муносабатларидаги улуғ ниятлар чин кўнгилдан туғилади. Маълумки, илм-фаннинг турли соҳаларида алоҳида жонбозлик кўрсатган, йирик назарий ғояларни илгари сурган ва мураккаб муаммоларни ҳал қилиб берган ҳамда кўплаб шогирдлар етиштирган олимлар ҳақида гап борганда, уларни илмий мактаб яратган деган ибора билан таъриф-тавсиф этилади.
Қори Ниёзий номидаги ЎзПФИТИ директори, педагогика фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси – академиги, бир қанча давлат мукофотлари соҳиби Холбой Ибраимов педагогика йўналишида ўз илмий мактабини яратган устоз-олим ҳисобланади. Х.Ибраимов ЎзПФИТИ директори ҳамда институт ҳузуридаги илмий даражалар берувчи илмий кенгаш раиси сифатида ёш олимларнинг бутун бир авлодини шакллантиришга катта ҳисса қўшди. У бугунги кунда ҳам улкан муваффақият билан маърифий фаолиятини давом эттирмоқда. Илмий-педагогик кадрлар давлат аттестациясида иштирок этиб, илмий педагогик жамоатчилик томонидан шахсий ютуқлари ва илмий натижалари, узлуксиз таълим, мактабгача ва мактаб таълими соҳасида илмий-техник муаммоларни ҳал этишдаги фаол иштироки, жамоа таркибида ишлаб чиққан илмий-услубий ишланмалари, илмий-педагогик жамоага раҳбарлик қилиш орқали эришган улкан натижалари туфайли педагогика фанини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган етук олим сифатида эътироф этилмоқда; у узлуксиз таълим соҳасида илмий мактаб яратган ва уни ривожлантирган юксак салоҳиятли педагог олим ҳамдир.
Ҳозирга қадар устоз Х.Ибраимов раҳбарлигида 9 нафар педагогика фанлари доктори, 36 нафар фан номзоди ва педагогика фанлари бўйича фалсафа докторлари тайёрланган. Айнан мана шу шогирдлар орасида Жиззах давлат педагогика университетининг илмий тадқиқотчилари борлиги ҳам биз учун шарафдир. Вилоятимизда олий таълим тизимида катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Хорижий ва халқаро университетларнинг филиаллари ва хусусий олий таълим муассасалари соғлом рақобат билан бугун ўз фаолиятини олиб бормоқда. Ёшларимизнинг олий таълимга қамров даражаси ҳам бугун сезиларли даражада ўсган. Таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳам бугунги кунда ўзининг долзарблиги ҳамда амалий аҳамияти билан бошқа соҳалардаги ислоҳотлардан асло қолишмайди. Чунки ушбу соҳадаги ислоҳотларни янада кенг кўламда давом эттириш давр талабидир. Негаки, инсон капитали сифатини оширмасдан туриб, кейинги иқтисодий ўсишни таъминлаш қийин кечади. Шу боис, зарур куч ва ресурсларни таълим сифатини оширишга, малакали кадрлар тайёрлашга йўналтириш нафақат бугун, балки эртанинг ҳам устувор вазифасига айланмоқда. Жиззах вилоятидаги олий таълим муассасаларининг Н.Қори Ниёзий номидаги ЎзПФИТИ ва фаолият кўрсатаётган тадқиқотчиларнинг устоз билан ҳамкорлик қилиши вилоятда илмий-академик муҳитни ривожлантириш учун муҳим ҳисса бўлиб қўшилади ҳамда илмий-тадқиқот тажрибаларни вилоятларга олиб кириш орқали илмий салоҳиятни мутлақ янги босқичга кўтаришга эришилади.
Х.Ибрагимов томонидан узлуксиз таълим тизимини интенсификациялашнинг ташкилий-педагогик асослари тадқиқ этилмоқда. Илмий-педагогик ишларининг амалиётга татбиқ этилганлик даражаси – олим томонидан 600 дан ортиқ нашр ишлари тайёрланган. Жумладан, олий таълим муассасалари талабалари учун 7 та дарслик, 5 та ўқув қўлланма, 13 та монография, унинг раҳбарлигида умумтаълим мактаблари учун 13та ўқув қўлланма яратилган. Олинган илмий натижалари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига жорий этилган. Унинг ҳаммуаллифлиги ва раҳбарлигида умумтаълим мактабларининг ўқувчилари учун “Менинг маънавий ҳамроҳим”, “Ўқитувчи китоби”, “Ота-оналар китоби”, чўнтак китобчалар, олий таълим муассасалари талабалари учун қатор дарсликлар ва ўқув қўлланмалар яратилди. У таълим стандартларини ишлаб чиқиш ва модернизациялашда, олий педагогик таълим бўйича дарсликларнинг янги авлодини яратишда бевосита иштирок этиб келмоқда. ОТМ учун яратилган Умумий педагогика дарслигида кейинги йилларда педагогика фани ва таълим-тарбия амалиётида эришилган янгиликлар, ютуқларни акс эттириш, Янги Ўзбекистон тараққиёти талабларига мослигини таъминлаш учун оптимал педагогик шарт-шароитлар яратиш ҳақидаги фикрлари баён этилган.
Устознинг кўп йиллик меҳнат фаолияти ҳамиша эътиборга олиниб, давлатимиз томонидан эътироф этиб келинмоқда. «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони, «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 15 йил», «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 20 йил» эсдалик нишонлари, Ўзбекистон Республикаси Турон Фанлар Академияси Академик унвони, Халқаро Россия «Психология фанлар академияси» академиги унвонлари билан тақдирланган.
Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат-эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб ва адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади. Инсон, аввало, унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, унинг қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириш йўлида заҳмат чеккан устоз ва мураббийларига нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшайди. Устознинг кейинги илмий–тадқиқот фаолиятида янада юксак зафарлар тилаб қоламиз.
Ғайрат ҚОДИРОВ,
Жиззах давлат педагогика университети Илмий ишлар ва инновациялари бўйича проректори, доцент.
Ҳамидулла МЕЛИЕВ,
университет Мактабгача таълим методикаси кафедраси мудири, профессор.