Маълумки, ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган ХХI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда.
Ш.М.Мирзиёев
Бугун янгича фикрлайдиган, ўз мустақил дунёқарашига эга, ён-атрофида содир бўлаётган воқеаларга дахлдорлик ҳисси билан ёндашувчи, мустаҳкам фуқаролик позициясига эга ёшларни тарбиялаш устувор вазифа саналади. Давлатимиз бу борада ёшларнинг келажаги учун масъулликни ўз зиммасига олиб, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини қуришда ёшларимизнинг эртанги куни учун ворислик масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу боисдан бугунги кунда бандликни таъминлаш, ҳудудлардаги уюшмаган ёшлар билан мунтазам шуғулланиш масалалари барчамизнинг диққат эътиборимизда бўлмоғи зарур.
Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2024 йилга “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном берилганлигини ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишнинг изчил давоми сифатида англамоғимиз лозим. Зеро, улар давлат ва жамиятнинг ҳал қилувчи кучи ҳисобланади.
Якунига етган 2023 йил юртимиз ҳаётида сиёсий воқеаларга бой тафсилотлари билан тарих зарварақларида муҳрланиб қолди. Мамлакатимизнинг барча гўшалари улкан қурилиш-бунёдкорлик майдонига айланди. Рақамлаштирилган замонавий саноат корхоналари, транспорт, логистика ва инфратузилма объектлари, ижтимоий соҳалар, мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар, маданият ва спорт объектлари қад ростлади. Аҳолининг иш билан бандлиги масаласи устувор даражага кўтарилиб, янгидан-янги иш ўринлари яратилди, халқимизнинг яшаш шароитлари ўзгарди.
Бугунги кунда бизнессиз замонавий иқтисодиётни тасаввур этиб бўлмайди. Юртимизда ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, интилиш ва ташаббусларини рўёбга чиқариш, шу билан биргаликда бандлиги ва ўз тадбиркорликларини йўлга қўйишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўз бизнесини бошлаш истагида юрган қанчадан-қанча ёшларга амалий ёрдам, кенг имкониятлар яратиб берилди. Республикамиздаги барча маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди.
Ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор ёшлар мамлакат таянчига айланади. Халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутган янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатлари аниқ моддалар билан муҳрлаб қўйилган. Жумладан, асосий қомусимизнинг алоҳида бир боби оила, болалар ва ёшлар масаласига бағишлангани юртимизда уларнинг ҳуқуқлари, манфаатларини ҳимоя қилишга қанчалик эътибор қаратилаётганинининг яққол исботидир. Шунингдек, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилишини таъминлаши, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини қўллаб-қувватлаши ҳамда бизнесни ривожлантириш бўйича алоҳида нормалар белгилаб қўйилган.
Ёшлар масаласидаги олдимизга қўйилган вазифаларни ўз вақтида, сифатли бажариш орқали биз ислоҳотлар самарадорлиги натижасини ҳар бир ёшнинг ҳаётида кўрсатишимиз мумкин бўлади. Ёшлар қайси соҳада бўлмасин, замонавий билимларни эгаллашга, илм-фан чўққиларини забт этишга, энг илғор техника ва технологияларни жиловлашга бел боғлашар экан, “Биз ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз…!” шиорига таяниб иш кўриши айни муддао. Зеро уларга билдирилаётган ишонч, кенг қамровли юксак эътибор замирида муносиб ҳаракат қилиш масъулияти давлат ва нодавлат ташкилотларини бирдек фаолликка ундамоқда.
Назифа КАМАЛОВА,
ЎзННТМА Жиззах вилояти
ҳудудий бўлинмасининг раҳбари.