ҒАЛАБА ЖИЗЗАХДА ҚОЛДИ

19-25 январь кунлари Жиззах шаҳридаги “Сўғдиёна” спорт мажмуасида ўтказилган бокс бўйича ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати ринг эгаларининг ишончли ғалабаси билан якунланди. Боксчиларимиз бешта олтин ва учта бронза медалларни қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобидан биринчи ўринни эгаллашди.

Ҳафта давомида рингда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакиллари ўртасида 13 та вазн тоифасида қизғин ва муросасиз жанглар бўлиб ўтди. Якунда пойтахтдан олти нафар, Бухоро ва Жиззахдан беш нафардан, Тошкент ва Андижондан  тўрт нафардан вакиллар финалга йўл олишди. Беш нафар жиззахлик боксчи шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Тошкент ва Андижон вилояти терма жамоалари эгаллади.

Вилоятимиз вакиллари Сайфиддин Собиров (48 кг.), Шакарбой Жўраев (51 кг.), Мироншоҳ Норқосимов (60 кг.), Махсудхон Мелиев (92 кг.) ва Асилбек Эшмуратов (+92 кг.) ўз вазн тоифасида мутлақ ғолиб бўлдилар. Уларга Бокс федерацияси ва чемпионат ҳомийларининг юқори намунадаги медаллари ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Жиззахлик Мироншоҳ Норқосимов чемпионатнинг “Энг яхши боксчи”си, вилоятимиз жамоаси эса “Энг яхши жамоа” деб топилди. Ғолибларга махсус мукофотларни мамлакат бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Сакен Пўлатов топширди.

Тадбир афсонавий меҳмонлари билан ҳам ёдда қолади. Икки карра жаҳон чемпиони ва Токио Олимпиадаси совриндори Баҳодир Жалолов, Рио Олимпиадаси олтин медали соҳиби Фазлиддин Ғоипназаров, икки карра жаҳон чемпиони Аббос Атоев, Рио Олимпиадаси финалчиси Бектемир Мелиқўзиев, Осиё ва Осиё ўйинлари чемпиони Исроил Мадримов ва жаҳон чемпионати бронза медали совриндори, қитъа ва Осиё ўйинлари чемпиони Бобо-Усмон Ботуров ёш боксчиларга диплом ва совғалар топширдилар.

Таъкидлаш жоизки, чемпионат давомида ёшлар терма жамоаси мураббийлар штаби Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Олимжон Муҳаммедов бошчилигида энг иқтидорли спортчиларни саралаб олди. Чемпионат ғолиблари 2028 йилги Олимпия ўйинларида иштирок этишга даъвогарлар ҳисобланади.

Нурсултон АНОРБОЕВ,

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *