Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ҳамда вилоят ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар котибияти ҳамкорлигида Жиззах давлат педагогика университетида “Илм инсон имрони” мавзусида тарғибот тадбири ташкил этилди. Унда профессор ўқитувчилар ва 300 нафардан ошиқ талаба-ёшлар иширок этишди.
Дастлаб, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи Соҳибхон Зокиров маъруза қилиб, таҳликали ахборотлар кенг ва тез тарқалаётган бугунги даврда эҳтиёткорлик муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Ҳаётда қайси соҳани танлаш, қандай мақсадларни кўзлашдан қатъий назар эл орасида ҳурмат, эътибор қозонган устозларнинг маслаҳати, мулоҳазалари билан иш юритиш лозимлигини айтди. Шунингдек, нуфузли мамлакатларнинг тараққиёт тарихи ўрганилганда, деярли юз эллик йил муқаддам Европа халқи Абу Али ибн Сино, Абдураҳмон Жомий, Мирзо Улуғбек каби кўплаб аждодларимизнинг илмий-маънавий асарларидан дарс олганликларини билдирди.
Шундан сўнг вилоят ҳокимлиги котибияти мудири Нурали Раимов ёшларни ҳушёрликка чақириб, интернетдан фойдаланганда расмий ва норасмий манбаларни фарқлаш ҳақида тушунча берди. Юртимизнинг тинчлиги, келажак авлод вакиллари учун яратилаётган имкониятларга жавобан, илмда илғор, ватанпарвар, халқпарвар, баркамол инсон бўлишга интилиш асосий вазифа бўлиб қолишлиги ҳақида сўзлади.
Тадбир сўнггида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Гулчеҳра ХИДИРОВА.
(“Жиззах ҳақиқати”)