МАҲАЛЛА МУАММОЛАРНИ ЧИНАКАМ ҲАЛ ЭТАДИГАН ИНСТИТУТГА АЙЛАНАДИ

“Биз фаолиятимизнинг биринчи кунларидан ҳамма ишни маҳаллада, халқимиз билан биргаликда ташкил қилиб келаяпмиз. Бу тизимни босқичма-босқич ривожлантирдик. Энди яна қўшимча куч, имкониятлар бериляпти. Бу ҳам ваколат, ҳам масъулият дегани. Маҳаллалар—давлатимизнинг энг катта замини”.

Шавкат МИРЗИЁЕВ.

ҲАМ ВАКОЛАТ, ҲАМ МАСЪУЛИЯТ

Мамлакатимизда янги йилдан эътиборан маҳаллаларнинг бошқарув ходимлари сони солиқчи ва ижтимоий ходим қўшилиши ҳисобига беш нафардан етти нафарга кўпаяди. Маҳалланинг ўзида 70 дан ортиқ масала, жумладан, моддий ёрдам ва кредитлар ҳал этилади. Тизим эса тўлиқ рақамлаштирилади. Шунингдек, маҳалла раисининг ваколатлари кенгаяди.

Бу ҳақда давлатимиз раҳбари жорий йил 26 сентябрь куни маҳаллабай ишлаш тизимини кучайтириш юзасидан бўлиб ўтган видеоселекторда маълум қилди. Президентимиз мамлакатда барча ижтимоий-иқтисодий дастурлар аҳоли талабидан келиб чиқиб, жойларда амалга оширилаётгани, бунинг учун маҳаллаларга кўплаб ваколатлар, ташкилий ва молиявий имкониятлар берилаётганини таъкидлади.

—Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат “бешлик тизими” ташкил этилган эди. Лекин уларнинг ўзаро мувофиқ ишлашида камчиликлар, жуда кўп такрорланишлар кузатилди. Ижтимоий мақсаддаги маблағлар баъзан самарасиз йўналтирилаяпти. Эҳтиёжманд аҳолининг масаласини ҳал қилиш вилоят ва республика идорасига боғланиб қолган. Маҳалла ходимлари фаолиятини баҳолаш мезони йўқ. Уларнинг кўп вақти “қоғоз тўлдириш” ва мажлисларга кетаяпти,—деди Президентимиз видеоселекторда.

Маҳаллани жойларда муаммоларни чинакам ҳал қиладиган институтга айлантиришимиз зарур. Яна тажриба орттирамиз, яна ўзгартирамиз. Ҳаёт бизни шунга мажбур қиляпти. Ҳозирги таҳликаларга ечим топамиз десак, бизнинг ягона йўлимиз —маҳалла, маҳалла ва бир марта маҳалла. Маҳалла тизими обрўйини қанча кўтарсак, одамлар ишонади, одамлар биздан рози бўлади, дея таъкидлади давлат раҳбари.

 

ҲАРАКАТДА БАРАКАТ КЎП

Зарбдор туманидаги “Тараққиёт” МФЙда  5905 нафар аҳоли истиқомат қилади. Туман марказидан 12 километр масофада жойлашган маҳалла асосан  деҳқончилик ва  чорвачиликка ихтисослашган.

Ҳудудда 3 та мактаб, 15 та савдо дўкони, 2 та спорт майдончаси, 1 та ҚВП ва 2 та масжид бор. Маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси Даврон Абдуваитовнинг таъкидлашича, жорий йилда  231 нафар фуқаро доимий  ишга жойлаштирилди. 312 нафар норасмий ва мавсумий ишловчи фуқаролар ўзини ўзи банд қилиш орқали иш ўринларига эга бўлди.
“Темир”, “Ёшлар” ҳамда “Аёллар” дафтарларига киритилган 118 нафар ишсиз фуқароларга  79,6 гектар ер майдони 10 йилдан 30 йилгача ижарага берилди. Мазкур ер майдонларида 8 турдаги арпа, буғдой, беда, мош, маккажўхори каби қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилди.    Масалан, Элёр Ахмурадов  50 сотих ерга пиёз экиб, 22 тонна ҳосил олди. Бу 48 млн. сўм даромад дегани.

“Лидер тадбиркор”ларга бириктирилган, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш истагидаги фуқаролар сони кўпайиб бормоқда. Масалан, “То-мева ва сабзавотлари” ИЧК томонидан 9 гектар ер майдони 30 нафар ишсиз фуқарога 30 сотихдан ажратилди. “Лидер тадбиркор”га қарашли техникалар томонидан мазкур фуқароларнинг ер майдони ҳайдалиб, маккажўхори  экилди. Мисол учун фуқаро Суннатилло Аҳмедов  30 сотих ерига эртаги тарвуз экиб, 23 млн. сўм даромад олди.

 

ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛАР КЎПАЙМОҚДА

 Маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида 164 нафар фуқаро ва тадбиркорларга “Ҳар бир оила—тадбиркор” дастури доирасида 1 миллиард 862 млн. сўм кредит маблағи ажратилиб, 192 та янги  иш ўринлари яратилди. Камол Алибоев “Микрокредит” банкнинг туман филиалидан 14 млн. сўм кредит олиб, шлакоблок ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Натижада 4 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Зулфия Хўрозова банкдан 30 млн. сўм кредит олиб, “Қора шаҳзода” зотли 550 бош товуқ ва жўжаларни парвариш қилаётир. Паррандалар  учун ем ва озуқа ишлаб чиқариш мақсадида 2 та Хитой технологияси асосида ишлайдиган дастгоҳ  ўрнатди. Оилавий тадбиркор бу билан уч нафар  кишининг бандлигини таъминлади.  Маккажўхори еми ва озуқа ишлаб чиқариш дастгоҳи  маҳалла аҳолисига ҳам хизмат кўрсатмоқда.

Зариф Маматазизов  10 млн. сўм кредит ҳамда ўз маблағлари ҳисобига хонадонида мебель ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Турмуш ўртоғи Гулшаной ҳамда уч нафар шогирди ёрдамида аҳоли буюртмасига асосан ошхона, мактаб, меҳмонхона мебеллари ҳамда акфа ва ёғоч эшик-дераза ромлари ишлаб чиқармоқда. 33 млн. сўмлик имтиёзли кредит эвазига якка тартибдаги тадбиркор Умида  Анорқулова  25 ўринли уй боғчаси ташкил қилди.

Кам таъминланган оилалардан бири Турдибек Авалбоев субсидия ҳисобидан хонадонида 1 сотихли  иссиқхона барпо қилди. Унга бодринг, помидор кўчатлари ва кўкатлар етиштириб,  14 млн. сўм даромад олди.

—Касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқиш истаги мавжуд 16 нафар ишсиз фуқаролар қандолатчилик, болалар ва қариялар парвариши энагаси, тикувчилик, қурилиш устаси каби йўналишларда ўқитилиб, уларга сертификатлар берилди,—дейди “Тараққиёт” МФЙ раиси Ҳусниддин Шерматов.  —15 нафар ишсиз аёллар уй ҳамширалигига ўқитилди ва уларга сертификат топширилди.

Нодира Шерматова хонадонида манзарали гуллар етиштиради. Банкдан  26,4 млн. сўм кредит олиб, гулчилик ва  асаларичилик  йўналишида фаолият олиб бормоқда. Тадбиркорнинг гуллари бутун маҳалла хонадонларида оммалаштирилмоқда.

Ўткир Ачилов  деҳқончиликнинг ҳадисини олганлардан. Турмуш ўртоғи Нафисахон билан 10 сотих томорқасининг ҳар қаричидан унумли фойдаланишади. Рўзғор учун ҳам, ички бозор учун ҳам сабзовотлар ва мевалар жорий йил ғарқ пишиб  етилди. Бу йил  аномал совуқ таъсирида кўпчиликнинг томорқасидаги  ток, анор, анжир, хурмо дарахтлари қуриб қолди. Лекин Ачиловлар бу борада тадбирли чиқишди. Сабаби, барча мевали дарахтлар совуқдан ҳимоя қилинган,  ток, анор, анжирлар ерга кўмилган эди.

—Мана бу қўшҳосилли 120 туп анор нави  қайнотамдан бизга мерос қолган,—дейди хонадон бекаси Нафиса Исаева. —Меваси йирик ва мазали бўлади. Марҳамат татиб кўринг, дея анорни узатади аёл. Ҳаракат қилган, ишлаган ҳеч нимага ва ҳеч кимга зориқмайди. Бўш пайтим тикувчилик қиламан. Оиламга, рўзғоримга нафим тегаётганидан хурсандман.

 

СПОРТГА ОШНОЛАР

Тараққиёт  аҳли спортсевар маҳалла эканлиги менга    аввалроқ маълум эди. Қатор туман, вилоят, республика миқёсидаги футбол, волейбол ва бошқа спорт мусобақаларида воҳа шарафини шу маҳалладан таркиб топган жамоа ҳимоя қилади.

Маҳалла аҳолисининг 3200 нафарга яқини оммавий спорт билан шуғулланиши ҳам буни исботлаб турибди. Ўтган йили  “Беш ташаббус” олимпиадаси доирасида енгил атлетика мусобақасининг республика босқичида  22-26 ёш ҳамда 27-30 ёш тоифасида маҳалла ёшлари фахрли учинчи ўринни эгаллади. Совриндор маҳалла ёшлари учун республика бюджетидан  2 та СТРЕЕТ WОРКАУТ майдончаси қуриб берилди.

Маҳалланинг  мини футбол жамоаси  2021 йил ДХХ кубогининг вилоят босқичида иккинчи поғонадан жой олди. Жорий йилда  ДХХ кубогининг  футбол мусобақасида туманда 1-ўринни эгаллашди.

 

“ТАРАҚҚИЁТ” УЧУН ОВОЗ БЕРИШДИ

“Ташаббусли бюджет” лойиҳасида маҳалла икки йилдан бери қатнашиб,   олти бор  ғолиб чиқди. Бунинг натижасида  маҳалла ҳудудидаги  сув қудуғи таъмирланиб, 6,5 километр тоза ичимлик суви тармоқлари тортилади.   280 та хонадон, 8 та кўча, шунингдек, Янгибоғ кўчасида яшовчи 39 та хонадон ичимлик суви билан таъминланади.  Маҳалла аҳолиси “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида 5589 та овоз билан ғолиб деб топилди.

—37 йилдан буён нотекис йўллар аҳоли кайфиятига салбий таъсир қилиб келарди,—дейди маҳалла оқсоқоли Эгамберди Дўсанов. —“Менинг йўлим” лойиҳасида маҳалламиз ғолиб чиқиб,   Тиббиёт , Бахмал ва Бинокор кўчаларининг 1700 метрига  асфальт ётқизилди.  4,5 км.  ички  йўллар шағаллаштирилди. 1,5 км. ички  йўллар ямалди, 40 та бетон устунлар ўрнатилди. “Тараққиёт” МФЙ таркибидаги Олтинсой қишлоғи аҳолисини  электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида 4 км. масофага янги электр тармоғини  тортиш режалаштирилган.  Мазкур қишлоққа республика бюджетидан ажратилган   800 млн. сўмлик маблағ эвазига   3 та сув минораси таъмирланиб, 6 км.  тармоқ тортилди. Натижада 160 та хонадон, шунингдек, 408-қарорга мувофиқ,  Янгиҳаёт аҳоли пунктининг 40 та хонадони  тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлди. Бу йил умумтаълим мактабларини битирган 60 нафар ўқувчининг  33 нафари олий ўқув юртларига ўқишга  қабул қилингани қувонарли. Маҳалла ҳудудидаги 6-сонли мактаб 423 нафар ўқувчига мўлжалланган. Лекин айни пайтда  634 нафар ўқувчи таълим олади.  Мактаб жамоаси “Ташаббусли   бюджет” лойҳасида ғолиб деб топилди. Ҳозирда мактаб учун 80 ўринли қўшимча бино қурилмоқда. Олтинсой қишлоғида эса  1 та спорт зал, 1 та мактабга қўшимча бино ва яна ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун усти ёпиқ мини стадион,  ошхона, қизлар ва йигитлар учун алоҳида касб-ҳунар ўргатиш мақсадида қўшимча ўқув хонаси барпо этилади.

Ҳа, маҳалла тақдирини ўз тақдири деб билган тараққиётликлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида ҳам фаол иштирок этишаётир. Энг асосийси,  йиғилиб қолган муаммоларга маҳалланинг ўзида ижобий ечим топилаётгани таҳсинга лойиқ.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *