СУВДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНАЯПМИЗ?

Дунё ресурслари институти тахминларига кўра, 2040 йилга келиб, жаҳоннинг 33 та давлати сувнинг ўта даражада танқислиги муаммоси билан тўқнашади. Улар орасида Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон ҳам бор.

Мамлакатимизда йил давомида 56-57 миллиард кубометр сув заҳираларидан фойдаланилади. Унинг 87 фоизга яқини қишлоқ хўжалигида, 9 фоизи электр энергия ва балиқчилик саноатида, атиги 4 фоизи ичимлик суви сифатида ишлатилади. Сув заҳираларининг бор-йўғи 20 фоизи мамлакат ичида ҳосил бўлади. Қолган 80 фоизи ташқи манба асосида шаклланади.

Республикамиз Президентининг 2023 йилда Сингапурга давлат ташрифи доирасида “яшил технологиялар”, кўкаламзорлаштириш, коммунал хўжалик соҳаларида ҳамкорлик бўйича келишиб олинди. Таъкидлаш жоизки, Сингапурнинг сув ресурсларини оқилона бошқариш, сув тежовчи технологиялари борасидаги тажрибалари алоҳида эътиборга молик. Бу мамлакат ўз талабининг 30 фоизини “NeWater” дастури (оқова сувларни тозалаш) орқали қондириб, денгиз сувини туксизлантириш 20 фоизни, маҳаллий сув ҳавзалари 10 фоизни ташкил қилади. Қолган 40 фоизи қўшни Малайзия давлатидан келади. Шунинг учун сувни қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Дунёда ёмғир сувини бошқариш бўйича кўплаб дастурлар мавжуд. Масалан, АҚШда ёмғир сувини экологик жиҳатдан бошқариш (ESM), шунингдек, ҳудудни лойиҳалашда экологик тоза ёндашув (LOW Impact Design-LID)  каби йўналишлар ишлаб чиқилган бўлиб, унинг мақсади шаҳар ёмғир сувини бошқаришдир. Буюк Британияда шунга ўхшаш дастур — барқарор дренаж тизимлари (SUDS) ва Австралияда ёмғир сувини бошқариш технологияси (Water sensitive Urban Design-WSUD) мавжуд.

Ёмғир сувини йиғиш ички истеъмол учун энг кўп тарқалган усул ҳисобланади. Унга кўп харажат қилинмайди, тажриба ва билим асосида бутун уй-жой майдони, боғдорчилик, қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириш мумкин.  Бироқ ёмғир суви сифатига ҳаво ифлосланиши, ҳайвонлар ёки қушларнинг ахлатлари, ҳашаротлар, органик моддалар таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун сувни истеъмол қилишдан олдин мунтазам тозалаш (фильтрлаш, дезинфекция) жуда муҳимдир.

Республикамизда Марказий Осиё мамлакатларидаги каби хонадонларда сувдан фойдаланиш, айниқса, дала ҳовлиларда, боғларда сув исрофгарчилиги жуда юқори. Албатта қишлоқ хўжалиги соҳасида сувни тежаш борасида бир қанча тадбирлар амалга оширилаяпти. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, пахта, шоли каби сувни кўп талаб қилувчи экинлар қисқартирилиб, ўрнига бошоқли дон, сабзавот-полиз экинлари экилган ва боғ-узумзорлар майдонлари кенгайтирилган. Ўтган асрнинг 80 йилларига нисбатан пахта қарийб 50 фоизга, шоли майдонлари эса 75 фоизга қисқартирилган.

Ичимлик сувини тежашнинг бошқа усуллари ҳам бор. Жумладан, “кулранг сув”ларни (ҳожатхонадан бўлак уй хўжаликларида қўлланилган чиқинди сув, яъни чўмилиш,  кир ювиш, ошхонада ишлатишдан ортган сув) қайта ишлаб, унинг боғларни суғориш ёки автоуловларни ювиш учун ишлатилиши ичимлик сувини тежашга ёрдам беради. Албатта, бунинг учун уй шароитида ишлатиладиган кимёвий маҳсулотларни камайтириш, табиий маҳсулотларга алмаштириш ёки чеклаш лозим бўлади.

Иқлим ўзгаришининг ёмғир билан тўйинувчи сув манбалари сатҳининг камайишига таъсирини, шиддит билан ўсиб бораётган аҳолининг сувга бўлган талабини назарда тутсак, бугунги кунда сув таъминоти сиёсати ва тизимлари мослашувчан ва инновацион бўлиши, барқарорлик тамойилларига асосланган бўлиши лозим.

Шундай экан, бебаҳо неъмат —  сувдан оқилона фойдаланиш, бу борада хориж тажрибасини қўллаш пайти келди.

 

Ҳусан АБДУНИЯЗОВ,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази

вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.            

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *