Бугунги кунда фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракат қилишни билиш ҳаётий заруратдир. Жорий йилнинг 21-23 февраль кунлари Пахтакор туманида “Бошқарув органлари, фавқулодда вазиятлар давлат тизими ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳаракати” мавзусида қўмондонлик-штаб ўқув машқи ўтказилди.
Дастлаб “Ғалаба” МФЙ ҳудудида жойлашган Дон қабул қилиш шахобчасида Фуқаро муҳофазаси туман йиғма командасининг кўргазмали саф кўриги ўтказилди.
Олмазор маҳалласида зилзила туфайли кўп сонли аҳолини “Пахтакор” МФЙдаги касб-ҳунар мактабига эвакуация қилиш, фуқароларни рўйхатдан ўтказиш, жабрланганларни аниқлаш ва уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари бажарилди. Аҳоли хавфсиз ҳудудга кўчирилгач, вақтинчалик бошпана, озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар билан таъминланди.
Туман тиббиёт бирлашмасида кўп сонли жарбланувчиларга биринчи ёрдам кўрсатиш тадбирлари ўтказилди. Зизила натижасида сув таъминотида содир бўлган аварияларни бартараф этиш, аҳолини тоза ичимлак суви билан таъминлаш бўйича махсус тактик-ўқув машқи бўлиб ўтди.
Ўқув машқининг иккинчи куни “Ҳудудгаз Жиззах” МЧЖ Пахтакор тумани филиали томонидан зилзила натижасида газ таъминотида юзага келган аварияларни бартараф этиш ҳаракатлари бўйича махсус тактик-ўқув машқи билан бошланди.

“Олмазор” МФЙ ҳудудида жойлашган газ тақсимлаш ускунасида юзага келган носозлик авария бригадаси томонидан бартараф этилди.
Тадбир давомида“Пахтакор текстил” ва “Голд текстил” МЧЖларда зилзила натижасида юзага келган авариялар ҳамда ёнғин баратараф этилди. “World trading company” , “Silverlife” ва “Paxtakor sifat yog‘” МЧЖларда содир бўлган вайроналар ва ёнғинни бартараф этишда ФМ тузилмаларининг тегишли хизматлар билан ҳамкорликдаги ҳаракатлари синовдан ўтказилди. Туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари зилзила натижасида юзага келган аварияларни бартараф этишди.
Ўқув давомида сел-сув тошқинларининг олдини олиш мақсадида туман ҳудудидан ўтган ЮР-23 каналининг 600 метр қисмида ўзан тозалаш ишлари амалга оширилди. “Туркистон” МФЙ ҳудудидан ўтувчи ички зовурларнинг 400 метр қисмида ўзанлар тозаланди. Ушбу тадбирларга “Сангзор булоқ” МЧЖ га қарашли Экскаватор ва туман мелиорация бўлимининг махсус техникалари ва ишчи ходимлар жалб этилди.
Уч кун давом этган қўмондонлик-штаб ўқув машғулотига барча корхона, муассаса ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимлар қамраб олинди. Машғулотга жами 955 нафар шахсий таркиб ва 121 та техника жалб этилди. Турли ўқув машқлари давомида аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирлари амалда бажарилди.Зилзила, ёнғин, сел, турли техноген офатларнинг келиб чиқиш сабаблари ва олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида аҳолига маълумот берилди. Бундай вазиятларда тўғри ҳаракатланиш амалда кўрсатиб берилди. Ўқув-машқидан кўзланган асосий мақсад ҳам шу – одамларда ўзини ва ёрдамга муҳтож бошқа инсонларни қутқариш кўникмасини шакллантириш эди.
Ўқув машқи якуни бўйича туман ҳокимлигида ўтқазилган йиғилишда эришилган ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликлар ҳақида ҳам фикр-мулоҳазалар айтиб ўтилди. Ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндошган хизматлар раҳбарларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Шароф ШУКУРОВ,
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг
биринчи ўринбосари, ўқув машқи штаби бошлиғи, подполковник.