ЧИҚИНДИ ҚАЙТА ИШЛАНАДИМИ?

15 ноябрда  бутун дунёда чиқиндиларни иккиламчи қайта ишлаш куни кенг нишонланади. Бу экологик сана ҳар йили ўтказиладиган тадбир бўлиб, у чиқиндиларни қайта ишлашнинг аҳамияти ҳақида омма орасида хабардорликни ошириш ва одамларни чиқиндилар ҳажмини камайтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳаракатларга ундаши билан аҳамиятлидир.

Мазкур кун муносабати билан Жиззах вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ва Жиззах Политехника институти билан ҳамкорликда шаҳримиздаги “Эко-сфера”, “Элтон инвест сервис” ва “Элита люкс пласт” МЧЖларининг чиқиндиларни иккиламчи қайта ишлаш фаолиятига эътибор қаратилди. Тарғибот тадбирида бошқарманинг масъул ходимлари, институтнинг экология ва атроф-муҳит кақедраси талабалари ва Экологик партиянинг Жиззах вилояти Кенгаши фаоллари иштирок этдилар.

Жорий йилнинг 9 ойи мабайнида Жиззах вилоятида 222 161,2 тонна чиқинди ҳосил бўлиб, шундан 28 361 тонна маиший чиқиндилар сараланиб, маҳсулот ишлаб чиқаришда ишлатилди. Қолган 193 800 тонна чиқинди махсус чиқинди полигонларига олиб бориб жойлаштирилди. 

Вилоятда чиқиндиларни саралаб қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланаётган 23 та қайта ишловчи корхоналар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида сараланган маиший чиқиндилардан 27 268 тоннасидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга эришилган.

Экологик сана муносабати билан ташкил этилган тарғибот тадбирида талабалар “Эко-сфера МЧЖ” маиший чиқиндилардан ўриндиқлар, асфальт қопламалари, турли плиткаларни ишлаб чиқариш жараёнлари, шунингдек, “Элтон инвест” МЧЖ қоғозни қайта ишлаб, картон маҳсулотлари  ҳамда “Элита Люкс пласт” МЧЖда эса пластмасса қувурларини ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Бу эса талаба ёшларнинг иккиламчи ҳом ашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш орқали чиқиндиларнинг ҳажмини камайтиришга бўлган тасаввур ва ғояларини бойитишга хизмат қилади.

 

Жиззах вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *