ЙЎЛСОЗЛАРНИНГ МАСЪУЛИЯТЛИ КУНЛАРИ ЭНДИ БОШЛАНДИ

Кейинги йилларда ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантиришга катта эътибор бериб келинмоқда. Бу ўринда янги йўллар қуриш, мавжудларини таъмирлаш муҳим аҳамиятга эга. Чунки йўл бўлсагина ҳудудлар обод бўлади, газ, электр, ичимлик суви тармоқларини ўтказиш, қурилишларни амалга ошириш имкониятлари пайдо бўлади.

Автомобиль йўллари вилоят бош бошқармасида ташкил этилган матбуот анжуманида 2023 йилда бажарилган ишлар ва жорий йил режалари ҳақида сўз борди. Бошқарма раҳбари Хожиакбар Рахматов журналист ва блогерларга вилоятдаги халқаро, давлат аҳамиятига эга ва маҳаллий йўлларда амалга оширилган ишлар ҳақида сўзлаб берди.

Жиззах вилоятидаги мавжуд 9354 км. узунликдаги автомобиль йўлларидан 2601 км. қисмини умумий фойдаланишдаги, 6753 км.дан ортиғини ички хўжалик йўллари, шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктлари кўчалари ташкил этади. Кейинги беш йилда вилоятда йўл қуриш учун 1 трлн. 300 млрд. сўмдан ошиқ маблағ сарфланди. Бу вилоятдаги йўлларнинг тенг ярими асфальт-бетон қопламали бўлганидан дарак бериб турибди. Қолган қора қопламали ва шағал йўлларга ҳам босқичма-босқич асфальт-бетон ётқизилади.

Шунингдек, вилоятдаги 758 та кўприкларни таъмирлаш, тиклаш ва янгидан қуриш ишлари олиб борилди. Биргина 2023 йилда 353 та объектда 341 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш, монтаж ишлари бажарилди. Бундай кенг кўламдаги йўл ишлари йўлсозлар масъулиятини ошириш, йўллар сифатини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.

Вилоят маркази бўлган Жиззах шаҳрида йўлларни кенгайтириш, халқаро стандартларга мувофиқ дизайн яратиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ер ости йўлларининг қурилиши автомобиль қатнови ҳамда йўловчилар учун қулайликлар туғдирди.

Бундан ташқари ташаббусли бюджет лойиҳаси доирасида 73,4 км. узунликдаги шаҳар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларида 24,5 млрд. сўмлик реконструкция ва қурилиш ишлари бажарилди.

Маълумки, қор ва қировли кунларда йўлсозларнинг ишлари янада кўпаяди. Шу туфайли журналистлар савол берар экан, асосий эътиборни бугунги кунда қилинаётган ишларга қаратишди.

— Барча туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаларида навбатчиликлар ташкил этилган. Қор ёққанда махсус гуруҳлар тун бўйи йўлларни тозалаш ва музлашининг олдини олиш учун эритмалар сепиб чиқишмоқда. Бу ишлар учун 124 та махсус транспорт воситалари ажратилган ва улардан самарали фойдаланиш чоралари кўрилмоқда, -деди бош бошқарма раҳбари Хожиакбар Рахматов.

Матбуот анжуманида янгидан қурилган йўлларнинг айрим жойлари бир йилга етмай бузилиб, яроқсиз ҳолга келиб қолаётгани ҳақидаги муаммо кўтарилди.

— Вилоятимиз ерлари турли қатламлардан иборат, -дея изоҳ берди бош бошқарма раҳбари. — Айрим жойларда ер ости сувлари ер юзасига яқин бўлиб, оғир юк транспорт воситалари ўтганда асфаль йўллар бузилган. Лекин эндиликда махсус лаборатория томонидан йўл ўтказиладиган ерлар чуқур ўрганилмоқда. Сизот сувлар яқин ерлар қазилиб, тош билан мустаҳкамланмоқда. Бундай жойлар шиббаланиб, шағал тўкилади ва кейин асфальт ётқизилади.

Матбуот анжуманида Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева иштирок этиб, мамлакат миқёсида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.

Асад МУСТАФОЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *