Қиш қиличини яланғочлаб келган кунларда йўлсозларнинг иши анча кўпайиб қолади. Йўлларни туни билан ёққан қордан тозалаш, муз қоплаган қисмига махсус суюқлик билан ишлов бериш, шамолда “қир” бўлиб қолган қорларни ташиб кетиш ва бошқа юмушларни туну-кун бажаришади. Кўпчилик тунда иссиққина уйида ҳордиқ олаётганида улар йўлда бўлишади.
Лекин йўлсозлар билимини ошириш, китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш, ишчи-ходимлар интеллектуал салоҳиятини кўтариш мақсадида Автомобиль йўллари қўмитасининг ташаббуси билан “Заковат” интеллектуал ўйинлари ташкил этилди. Яқинда йўлсозлар ўртасида “Заковат”нинг вилоят ҳудудий босқичида иштирок этиш учун барча туманларнинг йўллардан фойдаланиш давлат муассасалари ҳамда “Кўприк йўл қурилиши”, “Минтақавий йўллар буюртмачи хизмати” давлат муассасасидан 84 нафар ишчи-ходимлар Жиззах шаҳрига ташриф буюришди.
Тадбирни Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева очиб, “Заковат” ўйинларини ташкил этишдан мақсад ҳақида сўзлаб, унинг тартиблари ҳақида тушунчалар берди.
Автомобиль йўллари вилоят бош бошқармаси раҳбари Хожиакбар Рахматов жиззахлик йўлсозлар томонидан амалга оширилган ишлар, йўлларнинг сифатини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлар тўғрисида сўзлади. У барча жамоаларга омад тилади.
Албатта, йўлсозлар “Заковат” ўйинида йўллар ва йўл қурилишига тааллуқли саволлар тушади деб ўйлашган ва бунга пухта тайёргарлик кўриб келишган эди. Лекин ўйин бутунлай кутилмаган йўналишда бошланди. Саволлар асосан мактабда ўтиладиган тарих, география, биология, физика ва бошқа фанлар бўйича тайёрланган экан. Бундан йўлсозлар довдираб қолмади, аксинча уларга мактабда олган билимлари “қутисини” яна бир бор ковлаб кўришга тўғри келди.
Беллашувда 12 та саволдан аксарият қисмига тўғри жавоб берган Зафаробод йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Топқирлигини намойиш этган Янгиобод йўлсозлари иккинчи ва Минтақавий йўллар бюртмачи хизмати давлат муассасаси жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Ғолибларга бош бошқарманинг диплом ва маиший техника воситалари топширилди.
Асад МУСТАФОЕВ.