ЖИЗЗАХДА ХОТИН-ҚИЗЛАР БАЙРАМИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Вилоят ҳокимлигининг Анжуманлар саройида 8-март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди. Унда воҳамизнинг шаҳар, туманларида турли соҳаларда фаолият юритаётган, оилада, маҳаллада, жамоат ишларига ибрат кўрсатган фидойи аёллар иштирок этишди. Дастлаб, юзларида табассум билан тадбирга келаётган ҳар бир иштирокчига ҳадя этилган гўзал лола гуллари дилга кўчган қувончларни мамнун нигоҳларда намоён этди. Сўнг йирик саҳна экранида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Юртимиз хотин-қизларига бағишланган нутқидан парча намойиш этилди. 

Байрам соҳибаларини табриклаш учун сўзга чиққан вилоят ҳокими Эргаш Салиев қуйидагиларни баён этди:

“Қадрли онахонлар, меҳрибон опа-сингиллар ва тадбирнинг мунис иштирокчилари! Сизлар ва сиз орқали жиззахлик барча аёлларни 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни” билан муборакбод этаман. Буюк аждодларимиз  айтишганидек, дунёда аёл меҳрининг баҳосини ўлчайдиган мезон, унга тенглаштириладиган бойлик йўқ. Янги Ўзбекистонда янада обод бўлиб, янгиланиб бораётган Жиззах заминининг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ривожланишида ўз ҳиссасини қўшаётган сиздек жонкуярларнинг илми, ижоди, меҳнати, маҳорати таҳсинга лойиқ. Бугун сизнинг иштирокингизсиз такомиллашиб бораётган бирор соҳа қолмади. Қишлоқ хўжалигидан тортиб бизнес, инвестиция, ишлаб чиқариш, замонавий технологиялардан фойдаланиш, санъат ва ихтироларда ҳам илғор одимлаётганингизни сўзлашдан бахтиёрман. Бундай натижалар замирида давлатимиз раҳбари муҳтарам Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган инсонпарвалик, халқпарварлик, маърифат ва комилликка йўғрилган одил сиёсат акс этганлиги барчамизга ифтиҳор бағишлайди…”

Вилоят раҳбари Эргаш Салиев Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, шунингдек, бошқа давлат ва нодавлат ташкилотларида аёлларнинг турмуш шароитларидаги муаммоларни ҳал этиш, жамиятдаги фаолликларини ошириш уларни ҳар жабҳада қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Яқинлашиб келаётган Наврўз айёми муносабати билан умумхалқ сайиллари, хайрия тадбирлари ва ҳашарлар ташкил этилиши ҳақида “2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори имзоланганлигини таъкидлади. Шундан сўнг бир гуруҳ иштирокчилар “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланишди.

  • Қанчалар бахли эканлигимни сўз билан ифодалаш қийин, — деди “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳиби Зулайҳо Сатторова. — Мен Зарбдор туманидаги “Зулайҳо” ҳамда “Муқаддас Зулайҳо” фермер хўжаликларини бошқариш билан бирга “Наврўз” МФЙда “Оқила аёллар ҳаракати” аъзоси сифатида ҳам фаолият юритиб келяпман. Меҳнат ва хизматларим эътироф этилганилигидан беҳад суюндим. Айтиш жоизки, мана шундай осойишта, ўхшаши йўқ диёримизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро жисмоний, ақлий меҳнатлардан, изланишлардан бир зум ҳам тўхтамай, ёниб яшаши керак. Кўз ўнгимизда ўтиб бораётган кунларда бизнинг ҳаракатларимиздан тарбия олиб, ўз мақсадларига ишонч боғлаётган ўғил-қизларимиз ҳақида ўйлаш Ватанимиз келажаги олдидаги асосий бурчимиздир.

Тақдирланиш давомида кўп йиллардан буён турли соҳаларда ўз вазифасини сидқидилдан бажариб келаётган хотин-қизларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари топширилди.

Аёлларни мадҳ этгувчи куй-қўшиқларни ижро этган вилоятимиз хонанда ва созандалари ҳамда пойтахтдан ташриф буюрган таниқли санъаткорлар барчанинг қалбига баҳорий кайфият улашди. Айниқса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Файзнинг ҳушовоз қўшиқлари томошабинларни рақсга чорлади.  

Шодиёнанинг бадиий қисми Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида давом этди. Байрам дастурхони атрофида чеҳралари янада ёришиб кетган азиз аёллар вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ходимларига ўз миннатдорчиликларини изҳор этишди.

                             

Гулчеҳра ХИДИРОВА
                     

        

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *