АВТОМОБИЛЛАРНИНГ ЗАРАРЛИ ТАШЛАМАЛАРИ 70 ТОННАГА ҚИСҚАРДИ

Иқлимни асраб қолиш — инсоният олдида турган глобал муаммоларга айланди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам иқлим ўзгаришларининг олдини олиш учун экологик тоза транспорт воситаларини кўпайтириш, иссиқхона газлари ажралмасини кескин камайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, кўплаб тадбирлар ташкил этилмоқда.

Жорий йилнинг 10 апрелидан — 10 майга қадар республикамиз бўйлаб “Тоза ҳаво” ойлиги ўтказилганди. Ушбу ойликнинг иккинчи босқичи 10 августдан 10 сентябрга қадар бўлиб ўтди. Автомобиль дивагателларидан ажралиб чиқаётган газларнинг миқдори ва зарарлилик даражаси мониторингги бўйича мазкур тадбир Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги СЭО ва ЖС билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбир давомида асосий эътибор атмосферага 70 фоиз углерод оксиди ва 13 фоиз углеводород чиқарувчи карбюратор двигателли ҳамда дизелли автомобилларга қаратилди. Ўтган йили Жиззахда 600 тага яқин автотранспорт воситалари газ ёнилғисига ўтказилиб, атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар миқдори 70 тоннадан зиёдроққа қисқаришига эришилди. Жами автотранспортлардан атмосфера ҳавосига давлат стандартига асосан меъёрдан ошиқ зарарли газ чиқариш ҳолатлари умумий транспорт сонининг 7 фоизини ташкил этган. Мазкур кўрсаткич 20 йил олдин 25-30 фоизни ташкил этарди. Унинг ижобий томонга ўзгаришига асосий сабаблардан бири юртимизда “EVRO-3” ва “EVRO-4” давлат стандартларига жавоб берадиган автомобиллар ишлаб чиқарилаётгани бўлса, иккинчисдан, яроқсиз ҳолга келиб қолган карбюраторли транспортлар аста-секинлик билан бўлса-да, тасарруфдан чиқарилмоқда.

“Тоза ҳаво” ойлиги давомида атмосфера ҳавосига белгиланганидан ортиқ зарарли газлар чиқараётган автотранспорт воситалари яқин жойдаги автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаларига юборилиб, уларнинг эгаларига тегишли кўрсатмалар берилди. Бундан кейин ҳам ҳаво мусаффолиги йўлида олиб бориладиган тадбирларда фаол иштирок этамиз.

Зоир МАМАДИЯРОВ,
Жиззах шаҳар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши инспекцияси бош мутахассиси

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *