Аёллар ҳақида ёзишга чоғланар эканман, ҳар гал аввалги мақолаларимга бир назар ташлаб чиқаман. Тўғри, мен ижодкор эмасман, бироқ аёллар ҳақида бир-бирини такрорламаган фикрларни айтгим, янада ўзгачароқ таърифларда, латиб сўзлар ила ёзгим келади. Зотан уларга қанчалик бисёр зеболик туҳфа этсангиз, шунчалик онгу шуурингизни юксалтиргувчи, тафаккурингизни тиниқлаштиргувчи нурга эга ҳокисор сиймоларни таниб бораверасиз.
Кўп йиллик фаолиятимиз давомида баъзи тоифаларни кўриб, можароларида иштирок этиб келаётган бўлсакда, бундай вазиятлардаги хатоларнинг илдизи меҳр-муҳаббатга, эътиборга муштоқликдан келиб чиқишини инкор эта олмаймиз. Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий фаолликларини ошириш, илмий фаолиятга кенг жалб этиш каби қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича 2023 йилда 25 маротаба суд жараёнларида оила ва хотин-қизлар бўлими вакилларининг иштироки таъминланди ва баъзилари кафиллик асосида жазодан озод қилинди.
Юртимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ролини ошириш бўйича 568 нафар хотин-қизлар захира кадрлар номзодлигига олиниб, 164 нафари бошқарув лавозимларга тавсия этилди. Маҳалла хотин-қизлар фаоллари томонидан уйма-уй юрилиб, ижтимоий хизматлар кўрсатиш модули орқали 6 095 нафар “Аёллар дафтари”га киритилган 37 792 нафар юртдошларимизнинг муаммолари ижобий ҳал этилди. 10 026 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ишсизлар янги иш ўринлари ва жамоат ишларига жойлаштирилди. 3 700 нафар аёлларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун 23 млрд. 125 млн. сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. 10 542 нафар боқувчиси бўлмаган эҳтиёжмандлар учун 10 млрд. 81 млн. сўм ажратилиб, бир марталик моддий ёрдам берилди. 463 нафарининг уй-жойлари таъмирланди.
1- ва 2–гуруҳ ногиронлиги бўлган 8 349 нафар фуқароларга 7 млрд. 772 млн. сўм миқдорда моддий ва тиббий ёрдам кўрсатилди. 20 нафар хотин-қизлар уй-жой билан таъминланди, 597 нафарига ижара компенсацияси тўлаб берилди.
Қарамоғида ногирон фарзанди бор 4 558 нафар аёлга 4 млрд. 348 млн. сўмлик, 40 нафарига томорқадан унумли фойдаланиши учун амалий ҳамда моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Мен бу рўйхат ва рақамларни яна давом эттиришим мумкин. Оилавий тадбиркорликка йўналтирилганлар, олий ўқув юртида шартнома тўлови тўланганлар, тиббий кўрикдан ўтганлар, спортга, касб-ҳунарга жалб этилганлар, психологик, гендер тенглик, зўравонлик каби мавзуларда ҳам кўплаб ютуқ ва камчиликларни келтириш мумкин. Лекин улардан тийилган ҳолда нозик, жозибали кўнгилларни гўзал баҳор фаслининг илк кунларида нишонланадиган 8-март — Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида самимий тилаклар йўллашдан бахтиёрман.
Шу тобда ўйлайсизки, ҳозир саломатлик, гўзаллик, фаровонлик, тинчлик, бахт, муҳаббат ва қувонч каби доимо биз аёлларга изҳор этиб келинган тилаклар такрорланади, деб. Йўқ, азизлар, бу гал биргина ниятни билдирмоқчиман, ҳар бир аёл ўзлигига муносиб билимларнинг соҳиби бўлсин. Зеро, бу билимлар ватанпарварлик, инсонпарварлик ибратларида эътироф этилишлик, муҳаббат ва вафо мадҳида куйланишлик каби энг эзгу ва ёруғ йўлларга етакловчидир. Сиз раҳбар, депутат, ҳунарманд, олима, она, уй бекаси, қиз — ким ва қайси ёшда бўлишингиздан қатъий назар илмга ишқингиз билангина яшаш завқини туйинг. Ўзлигингиз ҳақидаги билимлар моҳиятида атрофингиздаги одамларнинг кечинмалари, муносабатларини чин маънода тушунинг, идрок этинг. Ўз-ўзингизга ҳурмат, эътибор ҳиссини қуёш қалбингизнинг меҳрли нури қадар англанг. Инсон азиз бўлган Янги Ўзбекистонда эъзозлаш ва эъзозланиш саодатида баҳордек яшнаб яшанг, муҳтарама аёллар!
Назира МУХТОРОВА,
вилоят ҳокими ўринбосари,
Оила ва хотин қизлар бошқармаси
бошлиғи, Олий Мажлис Сенати аъзоси.